Logo

Исломободда Ўзбекистон-Покистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди

Февраль 01, 2026. 16:15 • 2 дақ

77
Исломободда Ўзбекистон-Покистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 1 февраль. /“Дунё” АА/. Кеча Исломобод шаҳрида Ўзбекистон ва Покистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг 9-давраси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, Ўзбекистон делегациясига ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев, Покистон томонига ташқи ишлар вазири ўринбосари Сайид Али Асад Ғилоний раҳбарлик қилди.

Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Олий ва юқори даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувларнинг ижроси кўриб чиқилди.

Томонлар турли даражадаги фаол алоқалар, ўзаро савдо ҳажми изчил ўсиб бораётгани ва саноатнинг устувор тармоқларида қўшма лойиҳалар амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтириш ҳамда кўп томонлама платформаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор жиҳатларига эътибор қаратилди.

Савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва соғлиқни сақлаш, фармацевтика соҳаларида мавжуд салоҳиятдан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Маслаҳатлашувлар давомида жорий йилда режалаштирилган турли даражадаги ташрифлар, қўшма тадбирлар, жумладан Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, бизнес-форум ва миллий маҳсулотлар кўргазмаси, шунингдек, қатор маданий тадбирларни ўтказишнинг муҳимлиги урғуланди.

Ўзбекистон ва Покистон икки томонлама кун тартибидаги кенг кўламли масалалар бўйича амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташқи ишлар вазирликлари ўртасида яқин мулоқотни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш