Ўзбек маҳсулотларини Хитой бозорига экспорт қилиш бўйича муҳим келишувларга эришилди
Январ 27, 2026. 15:17 • 2 дақ
• 372ГУАНЧЖОУ, 29 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон миллий иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси вакиллари ҳамда тадбиркор аёллардан иборат делегация Хитойнинг Гуанчжоу, Шеньчжэнь ва Фошань шаҳарларига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхона кўмагида ўтказилган ушбу ташриф доирасида “China-Uzbekistan Economic and Trade Cooperation Conference” ва “Uzbekistan-China Economic Exchange” каби йирик иқтисодий форумлар ва давра суҳбатлари бўлиб ўтди. Ушбу тадбирлар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш ва янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилди.
Музокаралар давомида маҳаллий корхоналар, хусусан, Функционал Озиқ-овқатлар комбинати ва “XBS Meyve Interprice” каби МЧЖларнинг маҳсулотларини Хитой бозорига олиб кириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
“Overseas Prominent Brand” компанияси билан ўтказилган учрашув натижасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган экспортбоп маҳсулотларни ушбу компаниянинг онлайн ва офлайн платформаларида кенг намойиш этиш белгилаб олинди. Гуандун провинциясининг йирик импортёрлари учун юртимизнинг юқори сифатли қандолат маҳсулотлари, ярим тайёр ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги товарлари тақдимоти ўтказилиб, хитойлик тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотди.
Ташрифнинг энг муҳим натижаларидан бири Ўзбекистон миллий иқтисодий ҳамкорлик уюшмасининг Гуандун провинциясидаги ваколатхонасининг тантанали равишда очилиши бўлди. Тадбирда Уюшма томонидан “Guangdong General Chamber of Commerce” палатаси ва “Guangdong Dongzao Investment Management” компанияси билан ўзаро ҳамкорлик битимлари имзоланди.
Бу каби ҳамкорлик алоқалари Ўзбекистоннинг Хитойдаги иқтисодий ваколатхоналари тармоғини кенгайтириш ҳамда икки давлат ўртасидаги савдо-инвестициявий алоқаларни янги ва тизимли босқичга олиб чиқишга имкон яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси







