Logo

Нью-Йоркда ўзбек миллий трикотаж ва тўқимачилик маҳсулотлари намойиш қилинди

Январ 24, 2026. 10:00 • 2 дақ

118
Нью-Йоркда ўзбек миллий трикотаж ва тўқимачилик маҳсулотлари намойиш қилинди

НЬЮ-ЙОРК, 24 январь. /“Дунё” АА/. АҚШдаги “Jacob K. Javits Convention Center” кўргазмалар мажмуасида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати соҳаси бўйича “Texworld” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур халқаро кўргазма дунёнинг турли мамлакатларидаги йирик ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларни бирлаштирди.

Кўргазма иштирокчилари орасида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Бош консулхонаси кўмагида вакилларимиз мамлакатимиз ҳудудида ишлаб чиқарилган кенг турдаги тўқимачилик маҳсулотларини намойиш этди. Миллий стендда халқаро сифат стандартларига жавоб берадиган матолар, трикотаж, тайёр тикувчилик маҳсулотлари ва бошқа турдаги тўқимачилик маҳсулотлари кўпчиликда катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистон компанияларининг “Texworld” платформасидаги иштироки маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларини хорижий бозорларга сотиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини кенгайтиришга имкон берди. Хорижий ҳамкорлар, харидорлар ва халқаро брендлар вакиллари билан тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказишга замин яратилди.

Тақдим этилган экспозицияда Ўзбекистонда хомашёни чуқур қайта ишлашни ривожлантириш, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш ва миллий ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар акс эттирилган.

Кўргазманинг ишбилармонлик дастури доирасида учрашув ва музокаралар ҳам ташкил этилди. Мулоқот жараёнларида келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари, етказиб бериш шартлари ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон бизнесининг “Texworld”даги ваколатхонаси хорижий ҳамкорларнинг Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларига бўлган қизиқиши ва уларнинг жаҳон бозори талабларига жавоб бериши алоҳида таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш