Logo

Прага шаҳрида Ўзбекистон ва Чехия ўртасида миграция жараёнлари муҳокама қилинди

Январ 15, 2026. 11:23 • 2 дақ

168
Прага шаҳрида Ўзбекистон ва Чехия ўртасида миграция жараёнлари муҳокама қилинди

ПРАГА, 15 январь. /“Дунё” АА/. Элчихона дипломатлари Чехия Чет эл полицияси директорати таркибидаги Ҳужжатларни текшириш миллий маркази раҳбари Петр Зикмунд билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Чехия томонидан марказ вакиллари – Михал Крейц Анета Фиритова ҳамда Карел Попела иштирок этди.

Тадбир давомида Чехия Чет эл полицияси директорати сўровига биноан, Ўзбекистоннинг хорижга чиқиш паспорти, ID-карта, Ватанга қайтиш сертификати ва бошқа расмий ҳужжатлар намуналари хизмат фаолиятида фойдаланиш учун тақдим этилди.

Учрашувда миграция жараёнлари, ҳужжатларни текшириш амалиёти, ахборот алмашинуви, Чехия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Чехия ҳудудига кириш ва унда бўлиш учун ҳақиқий деб эътироф этиладиган ҳужжатлар, амал қилиш муддати тугагунга қадар қонуний кучга эга бўлган аввалги намунадаги паспортлар бўйича ҳам батафсил тушунтириш берилди. Ҳужжатлар тўғрисидаги ахборотни мунтазам алмашиб бориш қалбакилаштириш ҳолатларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Ўзбек томони консуллик хизматлари кўрсатиш тартиби, турли маълумотномалар бериш, фуқароларнинг исм ва фамилиясини ўзгартириш жараёни бўйича миллий қонунчилик талаблари ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон фуқароларининг Чехия ҳудудида меҳнат фаолияти ва тадбиркорлик билан шуғулланиш жараёнида ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги билан боғлиқ айрим муаммолар муҳокама қилинди. Чехия томони таклифномалар, лицензиялар ҳамда рухсат берувчи ҳужжатларни тасдиқлаш масалалари бўйича яқин ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди.

Чехия Чет эл полицияси мамлакатдаги барча халқаро аэропортлар фаолиятини назорат қилиши, кириш рад этилган ҳолатларни қайд этиши ҳамда расмий сўровлар асосида тегишли статистик маълумотларни тақдим этишга тайёр эканини маълум қилди. Чет эл фуқароларини ушлаб туриш ёки озодликдан маҳрум этиш ҳолатларида дипломатик ваколатхоналарни хабардор қилиш тартиблари юзасидан тушунтириш берилди.

Учрашув якунида ҳужжатларни текшириш, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, мунтазам ахборот алмашинуви ва бевосита ишчи алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш