Ўзбекистон тиббиёт соҳаси вакиллари Венгрияда тажриба оширди
Май 06, 2026. 16:25 • 2 дақ
• 136
БУДАПЕШТ, 8 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон тиббиёт муассасалари вакилларидан иборат делегация соғлиқни сақлаш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Венгрияда тажриба оширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу ташриф Ўзбекистоннинг Будапештдаги элчихонаси томонидан Венгриянинг “OTP Bank”и билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Делегация таркибидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳамда банк сектори вакиллари жой олди.
Дастурга кўра делегация аъзолари “Buda Health Centre” тиббиёт маркази фаолияти яқиндан билан танишди. У ерда ресурсларни бошқариш, соғлиқни сақлаш менежменти, тиббий хизматлар маркетинги, суғурта тиббиёти ҳамда харидлар тизими бўйича семинар ва амалий машғулотлар ташкил этилди. Шу билан бирга, иштирокчилар клиникалар фаолиятини ташкил этиш ва тиббий хизмат кўрсатишнинг замонавий стандартларидан ҳам бохабар бўлди.
Ташриф доирасида Земмелвайс университетига ҳам учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот жараёнида соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш, академик алмашинув ва қўшма илмий тадқиқотлар йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш масаласида фикр алмашилди.
“OTP Bank”да ташкил этилган учрашувда қўшма лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, тиббий инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда инновацион ечимларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф комплекс характерга эга бўлиб, у клиник, бошқарув, таълим ва молиявий йўналишларни қамраб олган. Унинг натижалари Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш ва икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси