Венгрияда оғир молиявий вазиятга тушиб қолган ватандош Ўзбекистонга қайтарилди
Апрель 27, 2026. 22:30 • 2 дақ
• 597
БУДАПЕШТ, 27 апрель. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз дипломатик ваколатхоналари хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш борасида изчил иш олиб бормоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жумладан, Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси консуллик бўлимига юртдошимиз А.Д. мурожаат қилиб, ватанга қайтишда амалий ёрдам сўраган.
Ҳамюртимизнинг маълум қилишича, у оғир вазиятга тушиб қолишига иш берувчининг ўз мажбуриятларини керакли даражада бажармагани сабаб бўлган. Хусусан, иш берувчи томонидан зарур ҳужжатлар расмийлаштирилмагани оқибатида у ҳуқуқий ва молиявий қийинчиликларга дуч келган ҳамда мустақил равишда Ўзбекистонга қайтиш имкониятидан маҳрум бўлган.
Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида элчихона ходимлари тегишли ташкилотлар, жумладан Миграция агентлиги вакиллари билан ҳамкорликда тезкор чора-тадбирларни амалга оширди.
Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистоннинг хорижда меҳнат қилаётган фуқароларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ватандошимиз учун бепул авиачипта харид қилинди. Шу тариқа, ватандошимиз соғ-омон юртимизга қайтарилди.
Бу каби амалий ёрдамлар давлатимиз томонидан хориждаги фуқароларимизга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси