Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё + Япония” биринчи саммитидаги нутқи
Декабрь 20, 2025. 11:38 • 7 дақ
• 129
Ҳурматли Бош вазир хоним олиялари!
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Япония Бош вазири Такаичи хоним олияларига “Марказий Осиё плюс Япония” биринчи саммити юксак даражада ташкил этилгани, гўзал ва жўшқин Токиода кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун билдирилаётган чуқур миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Таъкидлашни истардимки, бундан 20 йил муқаддам айнан кунчиқар юрт илк бор “Марказий Осиё плюс” мулоқотининг ташаббускори бўлган эди. Ушбу қарор стратегик жиҳатдан нақадар муҳим ва тўғри бўлганини вақтнинг ўзи кўрсатмоқда.
Ушбу саммитимиз, ҳеч шубҳасиз, тарихий аҳамиятга эга ва ҳамкорлигимизда янги саҳифа очмоқда.
Бизнинг Япония билан яқин савдо ва маданий алоқаларимиз Буюк ипак йўли давридан ривожлана бошлаганини қайд этишни истар эдим. Япониянинг қадимий пойтахти Нара шаҳри, Сиз туғилган маскан, ҳурматли Бош вазир хоним, ушбу йўлдаги энг муҳим марказлардан бири бўлган.
Бизни ўхшаш анъана ва урф-одатлар, маънавий, маданий ва оилавий қадриятлар ҳам яқинлаштириб туради.
Буларнинг барчаси Марказий Осиё ва Япония ўртасида кўпқиррали ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос ҳисобланади.
Ҳурматли Такаичи хоним!
Биз Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликка эришганидан кейинги давр мобайнида Япония ишончли ҳамкоримиз бўлиб келаётганини, минтақа ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, инфратузилма, саноат ва энергетика базасини модернизация қилиш, фан ва таълим ҳамда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшаётганини юксак қадрлаймиз.
Шу сабабли Марказий Осиё давлатлари Япониянинг минтақа ҳаётида янада кенг ва фаол иштирок этишидан манфаатдор. Ва бу борада бизда тақдим этадиган таклифлар бор.
Минтақамиз табиий ресурсларга бой, жаҳондаги транспорт, савдо ва энергетика йўналишлари чорраҳасида жойлашган. Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётининг ўсиши 5-6 фоизни ташкил этмоқда ва бу суръат яқин йилларда ҳам сақланиб қолади.
Бугунги кунда минтақада кечаётган яқинлашиш ва интеграциянинг фаол жараёнлари Япония билан кооперация учун қулай шароит яратмоқда.
Ҳурматли Бош вазир хоним, Марказий Осиё билан стратегик муносабатларни ривожлантириш борасидаги қатъий интилишингиз учун яна бир бор миннатдорлик билдираман.
Ишончим комил, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан янги марраларга эришамиз. Донишманд япон халқи айтганидек, “агар кучлар бирлаштирилса, тоғларни ҳам ўз ўрнидан силжитиш мумкин”.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Бугун мамлакатларимиз ўртасида шерикликни ривожлантириш бўйича илгари сурилган муҳим ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Ҳамкорлигимизни стратегик муҳим йўналишларда мустаҳкамлашга қаратилган Токио декларацияси қабул қилинганини олқишлайман.
Ўз навбатида, “Марказий Осиё плюс Япония” форматида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қарашларимизни баён этишни истар эдим.
Биринчидан, саммитларни давлат раҳбарлари даражасида ҳар икки йилда бир марта ўтказишни таклиф этамиз. Бу ҳамкорлигимизга қўшимча кучли туртки бағишлашга хизмат қилади. Навбатдаги бундай учрашувларимиздан бирини Ўзбекистонда қабул қилишга тайёрмиз.
Япониянинг адлия ва ҳуқуқ соҳасида ҳамкорлик бўйича янги доимий механизмини яратиш ва келгуси йили Токиода адлия вазирларининг биринчи учрашувини ташкил этиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз.
Иккинчидан, “Марказий Осиё – Япония 2040” ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш тарафдоримиз.
Ушбу ҳужжатга минтақа мамлакатларининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш ва уларни глобал иқтисодий жараёнларга чуқур интеграция қилиш бўйича аниқ дастур ва лойиҳаларни киритиш мумкин бўлади.
Янги ғоя ва таклифларни ишлаб чиқиш, ҳамкорликнинг кенг кўламли кун тартибини шакллантириш учун мамлакатларимизнинг етакчи таҳлил тузилмалари иштирокида Экспертлар форумини таъсис этиш муҳимдир. Музокаралар учун платформа тақдим этиш ва форумнинг илк мажлисини келгуси йили Тошкентда чақиришга тайёрмиз.
Учинчидан, Япония молия институтларининг Марказий Осиёда савдо-иқтисодий ва инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни кенгайтиришини олқишлаймиз.
Ишонаман: Марказий Осиёнинг бой табиий ва кадрлар ресурсларини Япониянинг саноат ва технологик салоҳияти билан бирлаштириб, бир-биримизни тўлдириш ва кучайтириш бўйича самарага эриша оламиз.
Шу муносабат билан Марказий Осиёнинг инфратузилмалари ва саноатини ривожлантириш инвестиция жамғармасини таъсис этишни таклиф қиламиз. Унинг базасида минтақада йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун Япония инвестициялари, технологиялари, муҳандислик стандартлари ва экспертизасини жалб этишга қаратилган “Сифатли инфратузилма” бўйича дастурни ишга тушириш мумкин.
Шунингдек, Япония технопаркларининг Марказий Осиё тармоғи – саноат кооперацияси, маҳаллийлаштириш ва технологиялар трансфери минтақавий платформасини яратишни таклиф этамиз. Технопарклар тармоғини минтақадаги ҳар бир мамлакатнинг хомашё ва саноат соҳасидаги имкониятларидан келиб чиқиб, тақсимлаш мумкин.
Тўртинчидан, бугун рақамли трансформация иқтисодий ўсиш ва барқарорликнинг ҳал қилувчи омилига айланиб бормоқда.
Япония компаниялари рақамли иқтисодиёт сегментлари – саноатни автоматлаштириш, робототехника, бошқарувнинг интеллектуал тизимлари, янги авлод булутли ва телекоммуникация платформалари соҳаларида жаҳонда етакчидир.
“Марказий Осиё – Япония” рақамли хаби – рақамли ечимлар, сунъий интеллект, “буюмлар интернети”, киберхавфсизлик ва инновацион иқтисодиёт соҳаларида кўптомонлама ҳамкорлик платформасини яратишни таклиф этамиз.
Бешинчидан, Япония замонавий ва ишончли транспорт инфратузилмасини яратишда катта тажрибага эга бўлиб, минтақада транзит ва логистика тармоғини ривожлантиришда муҳим шериклардан бирига айланиши мумкин.
Биз тезюрар поездлар ва автомобиль йўлларини барпо этиш, транспорт йўлакларини рақамлаштириш, аэропортлар ва логистика марказларини қуриш лойиҳаларига Япония инвестициялари, технологиялари ва экспертларининг кўмагини жалб этишдан манфаатдормиз.
Бу борада Тошкент янги халқаро аэропортини қуришда “Sojitz LLC” компанияси билан муваффақиятли ҳамкорлигимизни таъкидлашни истар эдим.
Олтинчидан, Япония зарарли газларни атмосферага чиқаришни тўлиқ бартараф этишга эришиш борасидаги вазифаларни амалга оширишда жаҳондаги етакчи давлатдир.
Биз Ўзбекистонда заҳарли газларни чиқаришни 2035 йилга бориб 50 фоизга қисқартириш, 2030 йилгача умумий генерацияда “яшил” энергия улушини 54 фоизга етказишни мақсад қилиб қўйганмиз.
Энергетик ўтиш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш бўйича самарали иссиқлик станциялари, қуёш ва шамол энергия қурилмаларини барпо этиш, когенерация, йўқотишларни қисқартириш, зарарли газларни ушлаб қолиш ва фойдаланиш технологияларини жорий этиш каби аниқ лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Тошкентда Қайта тикланадиган энергетика соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича минтақавий марказни ташкил этиш таклифини илгари сурамиз.
Еттинчидан, мамлакатларимиз томонидан қабул қилинган Марказий Осиё учун “Яшил кун тартиби” минтақавий дастурини амалга оширишда ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришни муҳим деб ҳисоблаймиз. Ушбу дастур Япониянинг “Яшил трансформация” ташаббуси билан уйғундир.
Минтақада ҳаво сифатини яхшилаш бўйича атмосферага чиқарилаётган газларни мониторинг қилиш, фильтрлаш ва камайтириш, аҳоли учун янада барқарор ва хавфсиз экологик муҳитни яратиш учун илғор ечимларни қўллашга қаратилган қўшма дастурни ишга тушириш, Иқлим ўзгариши билан курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида, Оролбўйи экологик муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни қамраб оладиган қўшма ҳаракатлар дастурини қабул қилиш, Мулоқот доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарларининг янги шаклдаги учрашувларини ташкил этишни таклиф этамиз.
Саккизинчидан, Япониянинг сейсмик хавфсизлик соҳасидаги улкан тажрибасини ҳисобга олиб, Сейсмик барқарорликни баҳолаш ва ошириш бўйича қўшма дастурни ишга тушириш тарафдоримиз.
Мақсад – япон экспертларини жалб этган ҳолда Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларини комплекс сейсмик текширувдан ўтказиш, сейсмик барқарорликни ошириш юзасидан “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, Япония модели асосида олдиндан огоҳлантириш тизимларини ишга туширишдир.
Тошкент шаҳрида Япония стандартлари ва протоколлари бўйича муҳандислар, архитекторлар, қутқарув хизматларини тайёрлаш учун Минтақавий малака ошириш марказини очишни таклиф этамиз.
Тўққизинчидан, Япониянинг таълим ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳасидаги кўмагини юксак баҳолаймиз. Таълим, илмий ва академик алмашувларни бундан буён ҳам кенгайтирамиз ва қўллаб-қувватлаймиз.
Ўзбекистонда келгуси йили “Марказий Осиё + Япония” форматида таълим вазирларининг биринчи йиғилишини, шунингдек, минтақадаги етакчи университетлар ректорларининг илк форумини ўтказишни таклиф этамиз.
Ёшлар ҳамжамиятлари ўртасида узоқ муддатли алоқаларни шакллантириш, уларнинг ижодий, технологик ва профессионал салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган Ёшларни ривожлантириш минтақавий тармоқ дастурларини қабул қилиш тарафдоримиз.
Маданият, санъат ва туризм фестивалларини доимий ўтказиб бориш халқларимиз ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Осакадаги “ЭКСПО” Бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистон павильони Олтин мукофотга сазовор бўлганини мамнуният билан қайд этишни истар эдим. Биз бундай тадбирларда бундан буён ҳам фаол иштирок этамиз.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Бизнинг учрашувимиз жаҳон сиёсатида жиддий ўзгаришлар кечаётган, геосиёсий зиддиятлар кучаяётган ва йирик давлатлар ўртасида ўзаро ишонч заифлашаётган даврда ўтмоқда.
Бундай шароитда тинчликни сақлаш ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш алоҳида аҳамиятга эгадир.
Афғонистон ўзаро ҳамкорлигимизнинг яна бир муҳим йўналиши бўлиб қолмоқда. Уни тинч, барқарор ва бунёдкор ривожланиш сари бораётган мамлакат сифатида кўриш борасидаги бизнинг интилишларимиз якдилдир.
Афғон халқини қўллаб-қувватлаш бўйича кўп йиллардан буён етакчи донор ва шерик мамлакатлар қаторида бўлиб келаётган Япониянинг изчил позициясини юксак баҳолаймиз.
Ишончим комилки, бизнинг биргаликдаги ҳаракатларимиз ва умумий ҳиссамиз ушбу мамлакат аҳолиси турмуш даражасини яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий ривожланиш, шунингдек, Афғонистонни минтақавий иқтисодий лойиҳаларга фаол жалб этишга хизмат қилади.
Ҳурматли дўстлар!
Сўзимнинг якунида кун тартибидаги барча масалалар бўйича қарорларни қўллаб-қувватлашимни билдираман.
Аминманки, бугун илгари сурилган ташаббусларнинг рўёбга чиқарилиши мулоқотимиз ривожига амалий ҳисса қўшади, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлидаги ҳамкорликнинг салмоқли салоҳиятидан унумли фойдаланишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди
Ўзбекистон Президенти Нара шаҳри мэри билан учрашув ўтказди