Озарбайжоннан муносабат: Ўзбекистон–Қозоғистон ўртасида иқтисод ва логистика йўналишда ишончли интеграция шаклланмоқда
Апрель 14, 2026. 09:42 • 3 дақ
• 85
БОКУ, 14 апрель. /“Дунё” АА/. Озарбайжонлик таниқли сиёсатшунос ва журналист Алёна Павленко “Дунё” АА мухбирига Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг амалий ташриф билан Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга амалий ташрифи икки мамлакат ўртасида сўнгги йилларда шаклланган юқори ишонч ва стратегик яқинлашувнинг мантиқий давоми сифатида баҳоланмоқда.
Бугунги кунда Қозоғистон ва Ўзбекистон муносабатлари фақат сиёсий мулоқот билан чекланиб қолмаяпти. Ҳамкорлик иқтисодий, инфратузилмавий ва минтақавий даражада кенгайиб, комплекс тус олмоқда.
Хусусан, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурининг имзоланиши ва мунтазам юқори даражадаги мулоқотлар давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси амалий натижаларга айланаётганини кўрсатмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик бу жараёнда асосий ўринни эгалламоқда. 10 миллиард долларлик товар айирбошлаш мақсади нафақат рақам, балки саноат кооперациясини янада чуқурлаштиришга қаратилган стратегик вазифадир.
Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январь–февраль ойларида икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 837,5 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 26,8 фоизга ошган.
Шунингдек, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги сармоялари ҳам ортиб бормоқда. 2026 йил бошига келиб, мамлакатда қозоғистонлик инвесторлар иштирокидаги 1221 та корхона фаолият юритмоқда. Ҳозирда саноат кооперацияси доирасида умумий қиймати 1,8 миллиард доллар бўлган 78 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Транспорт ва логистика соҳаси ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Икки давлат темир йўл тармоқлари ва чегара инфратузилмасини ривожлантириш орқали Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга интилаётир.
2025 йилда юк ташиш ҳажми 32,3 миллион тоннага етиб, 16 фоизга ўсди ва сўнгги ўн йилликдаги энг юқори кўрсаткич қайд этилди. Бу эса нафақат савдо ҳажмининг ошганини, балки минтақанинг транзит аҳамияти кучайиб бораётганини ҳам кўрсатади.
Чегара ҳудудида барпо этилаётган “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси маркази ҳам муҳим лойиҳалардан бири ҳисобланади. Уни 2026 йилгача якунлаш режалаштирилган. Ушбу марказ трансчегаравий бизнесни ривожлантириш ва саноат интеграциясини тезлаштиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 3 апрель куни Тошкент вилоятида замонавий кўп тармоқли логистика марказини қуриш бўйича EPC шартномаси имзоланди. Лойиҳа “PTC Holding”, “Ўзбекистон темир йўллари” ва “China Railway Construction Engineering Group” иштирокида ташкил этилган “Silkway CA” қўшма корхонаси томонидан амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг биринчи босқичига 84 миллион доллар сармоя киритилиши кўзда тутилган бўлиб, у темир йўл инфратузилмаси, контейнер терминали ва замонавий логистика хизматларини ўз ичига олади.
Сув ресурсларини бошқариш соҳасида ҳам ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. 2025 йил ноябрь ойида имзоланган трансчегаравий сув объектлари бўйича битим сувдан самарали фойдаланиш, маълумот алмашиш ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш механизмларини белгилайди.
Энергетика соҳасида ҳам янги ташаббуслар илгари сурилмоқда. Жумладан, Қирғизистонда Норин дарёсида қурилаётган Қамбарота ГЭС-1 лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, Қозоғистон 2026 йил 9 апрель куни Озарбайжон ва Ўзбекистон билан “яшил” энергия соҳасидаги стратегик шериклик битимини ратификация қилди. Ушбу келишув қўшма энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, энергетика тизимларини ўзаро боғлаш ва Каспий денгизи орқали электр энергияси узатишни назарда тутади.
Умуман олганда, бу жараёнлар Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб, нафақат икки томонлама, балки бутун Марказий Осиё учун муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Бухорода ўтган олий даражадаги музокаралар оддий дипломатик учрашув эмас, балки янги минтақавий иқтисодий тизимни шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси