Москвадан муносабат: Бухоро заминида Ўзбекистон–Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди
Апрель 15, 2026. 08:55 • 2 дақ
• 146
МОСКВА, 15 апрель. /“Дунё” АА/. Россия давлат гуманитар университети халқаро муносабатлар кафедраси доценти Юрий Сигов “Дунё” АА мухбирига Қозоғистон Президентининг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи ҳақида фикр билдирди:
– Қозоғистон Президенти Бухоро шаҳрига ташриф буюриб, икки давлат раҳбарлари расмий делегациялар иштирокида икки томонлама музокаралар ўтказди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев “AI Hackathon” умуммиллий тадбирида қатнашиб, шаҳардаги бир қатор саноат корхоналари фаолияти билан танишган.
Ташриф доирасида Қозоғистон Президенти Бухоронинг тарихий ва меъморий ёдгорликларини ҳам зиёрат қилди. Фикримча, бундай маданий учрашувлар Марказий Осиёдаги қўшни халқларни маънавий жиҳатдан янада яқинлаштиради ва ўзаро ишончни мустаҳкамлайди.
Ушбу ташрифнинг энг муҳим жиҳати унинг минтақавий аҳамиятидадир. Ҳозирги беқарор халқаро вазият шароитида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўртасидаги бундай мулоқотлар қўшни халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни кучайтиради.
Ўйлашимча, қўшни давлатлар ўртасида ижтимоий ва маданий алоқалар қанчалик мустаҳкам бўлса, давлат раҳбарлари учун муҳим масалаларни ҳал қилиш ҳам шунчалик осонлашади.
Бугунги кунда дунёда турли сиёсий ва иқтисодий зиддиятлар кучайиб бораётган бир пайтда, Марказий Осиё давлатлари ўзаро ҳамкорлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлида ҳаракат қилмоқда.
Менимча, минтақа давлатларининг яқин ҳамкорлиги уларга мавжуд мураккаб шароитларни камроқ йўқотишлар билан енгиб ўтиш имконини беради.
Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари Бухоро каби қадимий шаҳарларда, ўз аждодларига дахлдор тарихий мерос олдида туриб, икки халқ олдидаги масъулиятни янада чуқур ҳис этишлари мумкин.
Энг муҳими, бу муқаддас замин бутун Марказий Осиёда барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш йўлида тарихий ва маънавий йўл кўрсатувчи вазифасини бажаради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси