Logo

Қатардан муносабат: Ўзбекистон–Покистон ўзаро ҳамкорликдан ишончли минтақавий шерик давлатларга айланмоқда

Февраль 07, 2026. 09:00 • 3 дақ

108
Қатардан муносабат: Ўзбекистон–Покистон ўзаро ҳамкорликдан ишончли минтақавий шерик давлатларга айланмоқда

ДОҲА, 7 февраль. /“Дунё” АА/. Қатардаги “Asian Telegraph” янгиликлар платформаcи асосчиси, эксперт Ашраф Сиддиқуи “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистон етакчисининг Покистонга давлат ташрифи, икки давлат ўртасида ўрнатилган ўзаро дўстлик ришталари ва тобора юксалаётган ҳамкорлик алоқалари хусусида фикр билдирди:

– Кўп йиллардан буён Жанубий ва Марказий Осиёдаги жараёнларни кузатиб келаётган таҳлилчи сифатида очиқ айтишим мумкин: Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи протокол ҳодиса эмас, балки минтақа учун стратегик сигналдир. Шу билан бирга, сигнал бир вақтнинг ўзида бир нечта даражада – сиёсий, иқтисодий ва, айниқса, бугунги кунда хавфсизлик соҳасида муҳимдир.

Исломобод аэропортида Ўзбекистон раҳбарини шахсан Покистон Президенти Осиф Али Зардорий ва Бош вазири Шаҳбоз Шариф кутиб олганининг ўзиёқ кўп нарсадан далолат беради. Дипломатияда бундай тафсилотлар тасодифий бўлмайди. Бу Ўзбекистоннинг Марказий Осиёнинг асосий акторларидан бири ва Покистон узоқ муддатли ҳисоб-китоблар билан боғлайдиган ҳамкор сифатидаги ролига алоҳида ҳурмат ва эътирофнинг намойишидир.

Ташрифнинг мазмунли қисми бу таассуротни янада кучайтирди. Тор доирадаги музокаралар, олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши, мулоқотларнинг бой дастури – буларнинг барчаси Тошкент ва Исломобод декларациялардан институционал стратегик шерикликка ўтаётганидан далолат беради.

Фикримча, Хавфсизлик ва ҳарбий ҳамкорлик блоки алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистон Президентининг “Глобал саноат ва мудофаа ечимлари” компанияси бош қароргоҳига ташрифи ва фельдмаршал Асим Мунир билан учрашуви томонлар хавфсизликни бошқа барча лойиҳаларнинг пойдевори сифатида кўраётганининг бевосита тасдиғидир.

Ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни тайёрлашга келишиб олингани айни муддао бўлди. Бу – тажриба алмашиш ва кадрлар тайёрлашдан тортиб мудофаа саноати комплекслари кооперациясигача бўлган тизимли ёндашувни англатади.

Муҳими, томонлар хавфсизликни инфратузилма билан бевосита боғламоқда. Транспорт йўлаклари, энергетика объектлари ва логистика тугунларини ҳимоя қилиш бугунги кунда ҳарбий ва разведка ҳамкорлигидан ажралмасдир.

Узоқ муддатли минтақавий динамика нуқтаи назаридан Трансафғон темир йўли асосий лойиҳа бўлиб қолмоқда. Айнан шу лойиҳа минтақанинг иқтисодий географиясини ўзгартиришга қодир эканига ишончим комил. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик – Ўзбекистон учун Покистон денгиз портларига чиқиш, Покистон учун эса Марказий Осиё бозорларига тўғридан-тўғри чиқиш имконини беради.

Бироқ, бу ерда хомхаёлларга берилмаслик керак: трансафғон коридорини амалга ошириш Афғонистонда минимал барқарорлик даражасисиз мумкин эмас. Айнан шунинг учун Тошкент ва Исломобод Афғонистон йўналишига баландпарвоз шиорларсиз, аммо прагматик ҳисоб-китоб билан келишилган ёндашувлардан объектив манфаатдор.

Евроосиё алоқаларининг кенгроқ архитектурасига мос келадиган “Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” йўлаги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Умуман олганда, ушбу йўналишлар Ўзбекистон ва Покистонни нафақат ҳамкорларга, балки янги минтақавий логистика тугун давлатларига айлантиради.

Ташрифнинг иқтисодий қисми минтақа учун камдан-кам учрайдиган ўзига хосликни намойиш этади. Қарийб 500 миллион долларлик товар айирбошлаш – бу жиддий, аммо 2 миллиард долларлик мақсад ва 3,5 миллиард долларлик лойиҳалар портфели муҳимроқдир. Бу ерда биз савдодан қўшма ишлаб чиқариш ва инвестицияга ўтишни кўрамиз.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш