Ўзбекистон элчиси Лаҳор шаҳрида Покистоннинг йирик фармацевтика компанияси раҳбари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Апрель 22, 2026. 16:25 • 3 дақ
• 98
ЛАҲОР, 22 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг Лаҳор шаҳрига амалга оширган ташрифи доирасида “Himont Group” компанияси президенти ва ижрочи директори Аҳмед Сиддиқи билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан фармацевтика соҳасидаги алоқаларни чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар мазкур йўналишда хорижий инвестицияларни жалб этиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, импорт қилинаётган муҳим дори воситаларини маҳаллийлаштириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Покистон томонига Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун яратилган қулай бизнес муҳити, хорижий инвесторлар учун тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар, шунингдек, ташкил этилаётган фармацевтика кластерлари ҳамда улардаги замонавий инфратузилма ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Аҳмед Сиддиқи ўз навбатида, Ўзбекистонга мустақилликдан сўнг бир неча бор ташриф буюрганини, ўша даврларда фармацевтика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, илк йилларда мавжуд инфратузилманинг чекланганлиги сабабли мазкур ташаббуслар амалга ошмай қолган.
«2017 йилдан сўнг Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини кузатмоқдамиз. Мамлакатингизда инвесторлар учун очиқ ва жозибадор муҳит яратилган. Шу боис, компаниямиз Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани амалга оширишдан манфаатдор», – деди у.
Шунингдек, компания раҳбари Ўзбекистон фармацевтика бозорини чуқур таҳлил қилиш, қиймати тахминан 3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган замонавий фармацевтика корхонасини ташкил этиш, лойиҳани тенг шерикчилик асосида амалга ошириш учун маҳаллий ҳамкорларни жалб қилиш таклифини илгари сурди.
Бундан ташқари, эҳтиёж юқори бўлган дори воситаларини ишлаб чиқариш, илғор технологиялар ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш, соҳадаги кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида тренинглар ва маърузалар ташкил этиш ташаббуси билдирилди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган масалалар ва билдирилган таклифларни Ўзбекистоннинг тегишли давлат идоралари вакиллари иштирокида батафсил кўриб чиқиш мақсадида онлайн музокаралар ўтказишга келишиб олдилар.
1994 йилда ташкил этилган «Himont Group» компанияси фармацевтика маҳсулотлари, жумладан ўсимликлар асосида тайёрланган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Айни пайтда компания томонидан 230 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 1995 йилда компания халқаро GMP сертификатига эга бўлган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси