Logo

Ўзбекистон элчиси Буюк Британиянинг етакчи консалтинг компанияси бошқарувчи ҳамкори билан учрашди

Апрель 21, 2026. 16:35 • 2 дақ

149
Ўзбекистон элчиси Буюк Британиянинг етакчи консалтинг компанияси бошқарувчи ҳамкори билан учрашди

ЛОНДОН, 21 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида маҳаллий “Savvy” консалтинг компанияси бошқарувчи ҳамкори Мариям Коява билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов мамлакатимизда инвестиция ва савдо йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўз навбатида, Мариям Коява Ўзбекистонда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити ва янги имкониятлар Британия ишбилармон доираларида катта қизиқиш уйғотаётганини таъкидлади. Хусусан, чакана савдо, меҳмонхона, ресторан, кафе, озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш соҳалари сармоя киритиш учун истиқболли йўналишлар сифатида кўрилаётгани қайд этилди.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, британиялик инвесторларнинг қизиқишини янада кучайтириш учун уларга профессионал консалтинг хизматларини кўрсатиш, Ўзбекистон бозорининг ўзига хос жиҳатларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда ҳуқуқий ва молиявий механизмларни самарали йўлга қўйиш муҳим экани таъкидланди.

Учрашув якунида томонлар Буюк Британия ишбилармон доиралари орасида Ўзбекистоннинг инвестициявий ва экспорт салоҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилган қўшма тадбирлар ўтказишга келишиб олди.

“Savvy” — бизнесни ривожлантиришга ихтисослашган етакчи консалтинг компанияси бўлиб, у янги бозорларга чиқиш имкониятларини кўриб чиқаётган сармоядорларга тадқиқотлар ва стратегик режалаштириш, молиявий менежмент, давлат-хусусий шериклик бўйича маслаҳатлар, савдо бошқаруви, тренинг ҳамда семинарлар ташкил этиш каби хизматларни тақдим этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш