Пальма ёғини қайта ишлаш бўйича Малайзия тажрибаси ўрганилмоқда
Апрель 20, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 177КУАЛА-ЛУМПУР, 20 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациянинг Малайзияга хизмат сафари амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ташриф юртимизнинг Малайзиядаги элчихонаси ва ушбу давлатдаги пальма ёғи ишлаб чиқариш кенгаши (MPOC) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Дастур доирасида ўзбекистонлик тадбиркорлар Малайзиянинг етакчи компанияларига тегишли пальма плантацияларида бўлди. Улар пальма майдонларида ҳосилни йиғиб олиш ва хомашёни қайта ишлаш жараёнлари билан танишди. Вакилларимиз пальма ёғи ишлаб чиқариш корхоналари ва илмий лабораториялардаги иш жараёнини ҳам кўздан кечирди.
Сафар давомида йирик плантация активлари, замонавий қайта ишлаш қувватлари ва ривожланган омборхона инфратузилмасига эга Малайзиянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ва дистрибьюторлари – “SD Guthrie Berhad”, “Kuala Lumpur Kepong Berhad”, “IOI Group”, “Wilmar International”, “SOP Foods (Sarawak Oil Palms)” каби етакчи компания вакиллари билан B2B шаклида учрашувлар ўтказилди.
Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон озиқ-овқат саноатига йил давомида барқарор ва узлуксиз хомашё етказиб беришни таъминлаш, икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида тўғридан-тўғри кооперация алоқаларини ўрнатиш бўлди.
Музокаралар якунида томонлар Ўзбекистон ҳудудида ихтисослаштирилган омбор мажмуаларини ташкил этиш, пальма ёғини қайта ишлаш ва унинг захирасини шакллантириш, маҳаллий корхоналар учун хомашёни барқарор етказиб беришни йўлга қўйишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



