Ўзбекистон–Покистон ўртасида фармацевтика соҳасида янги лойиҳалар муҳокама қилинмоқда
Апрель 20, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 155ИСЛОМОБОД, 20 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида мамлакатимиз фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Покистоннинг “Lucky Core Industries Limited” компанияси вакиллари ўртасида онлайн музокара бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, агентлик директори Абдулла Азизов ва компания раиси Атиф Сиддиқий қатнашди.
Элчи Алишер Тўхтаев мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, айниқса фармацевтика соҳасини ривожлантиришга қаратилган дастурлар ҳақида маълумот берди. Хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар, уларни қўллаб-қувватлаш механизмлари ва истиқболли инвестиция лойиҳалари тақдим этилди.
Абдулла Азизов фармацевтика кластерларини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. У илмий-тадқиқот муассасалари, ишлаб чиқариш ва таълимни бирлаштирган кластер тизими, инновация ва замонавий технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
“Yunus Brothers Group (YBG)” холдинги таркибига кирувчи “Lucky Core Industries Limited” компанияси раиси Атиф Сиддиқий Ўзбекистондаги ислоҳотларни юқори баҳолаб, ҳамкорликка қизиқиш билдирди. Унинг айтишича, дастлаб Покистондаги ишлаб чиқариш қувватлари орқали Ўзбекистон бозорига талаб юқори бўлган дори воситаларини етказиб бериш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, келажакда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босувчи дори воситаларини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Мулоқот якунида томонлар инвестиция лойиҳаларини янада кўпайтириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



