Ўзбекистон элчиси Польшанинг Мазовия воеводалиги маршали билан келишувларга эришди
Февраль 22, 2026. 16:20 • 42 сония
• 62
ВАРШАВА, 22 февраль. /“Дунё” АА/. Польшадаги элчихона дипломатлари Мазовия воеводалиги маршали (ҳоким) Адам Струзик билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат жараёнида ўзаро ҳамкорлик асосида Ўзбекистон ва Польша ҳудудларида ташкил этилаётган логистика марказларини ишга тушириш механизмларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Истисно тариқасида фақат Ўзбекистон юк ташувчилари учун чегара ўтиш пунктларида алоҳида коридор ташкил этиш масаласини Польша инфратузилма вазирлиги томонидан кўриб чиқилишида кўмак кўрсатиш бўйича келишувга эришилди.
Учрашув давомида шу йил 23–26 февраль кунлари Польша саноат арматураси уюшмаси (SPAP) президенти бошчилигидаги миссия доирасида бизнес-форум ўтказиш ҳамда март ойида Польша Миллий иқтисодиёт банки ҳамкорлигида икки давлат ўртасида энергетика форумини ташкил этиш юзасидан ҳам келишувлар бўлиб ўтди.
Шунингдек, икки томонлама бизнес-миссия, кўргазма ва маданият кунларини ташкил этиш масалаларида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
