Logo

Бинали Йилдирим: Ўзбекистондаги барқарорлик, осойишталик ва тараққиёт замирида ўзбекона маҳалла моделининг роли катта

Январ 09, 2026. 08:15 • 2 дақ

151
Бинали Йилдирим: Ўзбекистондаги барқарорлик, осойишталик ва тараққиёт замирида ўзбекона маҳалла моделининг роли катта

АНҚАРА, 9 январь. /“Дунё” АА/. Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистонда 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани юзасидан фикр билдирди:

– Ўзбекистонда 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Бу жуда муҳим қарор деб ўйлайман. Чунки, маҳалла ва оқсоқоллар тушунчаси туркий тарихда катта ўринга эга. Айниқса, маҳалла қадриятлари ва оқсоқоллар институти қадим туркий маданият ўлароқ, Ўзбекистонда бугунги кунда ҳам жуда кенг татбиқ этилганини биламиз.

Ўзбекистоннинг ушбу тажрибасидан яхши хабардор киши сифатида айта оламанки, мамлакатдаги бугунги барқарорлик, осойишталик ва ижтимоий тараққиётнинг замирида ҳам ўзбекона маҳалла моделининг роли бисёр. Бутун мамлакат миқёсида, вилоятларда, туманларда, шаҳар ва қишлоқларда оқсоқоллар билан бамаслаҳат иш қилинади.

Бирор маҳалладаги муаммо, аввало шу ернинг ўзида ҳал қилишга уринилади. Имкон бўлмаса, маҳалла етакчилари зудлик билан юқори турувчи идоралар – туман/вилоят раҳбариятига, Олий Мажлис ва ҳатто Президентгача мурожаат қилиб, масалани ҳал этади. Бу модел бир жиҳатдан фуқаро ва давлат ўртасидаги бевосита кўприк вазифасини ўтайди. Чунки, ҳар маҳаллада бевосита шу ерда яшайдиганлар ва уларнинг етакчилари бўлган оқсоқолларнинг ўзи муаммо ва масалаларни ҳаммадан яхши билади. Муҳими, кўплаб масалалар суд-ҳуқуқ идораларига бормасдан ярашув асосида маҳалланинг ўзида ҳал қилинади. Низоли вазиятга келиб қолган оилаларнинг парчаланиб кетиши олди олинади, жамиятга зарарли ҳолатлар бартараф этилади. Бу аслида қадим туркий анъана.

“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да маҳаллаларга ва оқсоқолларга эътибор янада ортади, шу билан бирга уларга янада каттароқ масъулият юкланади. Маҳаллаларни ривожлантириш, ҳар қандай масалаларни жойида ҳал этиш, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ёрдам фаолиятларини янада кўпайтириш орқали аҳоли ўртасидаги оқибат ва аҳиллик янада кучайтирилади.

Ишончим комилки, биз ҳам Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги кенг тажрибасини ўрганиб, Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар Кенгаши фаолияти доирасида татбиқ қилиб боришга интиламиз. Ушбу қарор муносабати билан яна бир бор Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни табриклаб, миннатдорчилик билдираман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш