Logo

Ўзбекистон элчихонасида Покистон сенаторлари билан давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Декабрь 18, 2024. 10:58 • 2 дақ

110
Ўзбекистон элчихонасида Покистон сенаторлари билан давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 18 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Сенати аъзолари Ирфан Сиддиқий ва Сармад Али билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё"АА мухбири.

Учрашув давомида сенаторларнинг мамлакатимиздаги парламент сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштироки, парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни жадаллаштириш, минтақавий боғлиқлик ташаббуси доирасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат аввалида сенаторлар Ўзбекистонда парламент сайловининг муваффақиятли ўтказилгани, халқнинг мазкур сиёсий тадбирда фаол иштирок этиб, мамлакатдаги ислоҳотлар жараёнини қўллаб-қувватлашини изҳор этгани билан табриклади.

Сенаторлар Ўзбекистон Марказий сайлов комиссия раиси ва Олий Мажлис Сенати вакиллари билан ўтказилган учрашувларнинг томонлар учун сермаҳсул бўлганини қайд этиб, ўзаро мулоқотни фаол давом эттиришга тайёрлигини билдиришди.

Сенатор Ирфан Сиддиқий Покистон Сенатининг Халқаро масалалар бўйича қўмитаси раиси сифатида хориждаги, жумладан Марказий Осиё ва Ўзбекистондаги жараёнларни кузатиб боришини таъкидлаб, юртимизда халқ фаровонлигини ошириш, иқтисодиётни изчил модернизация қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, чет эл инвестициялари учун қулай шароит яратиш борасида давлат сиёсатини, жумладан мустаҳкам қонуний асоснинг вужудга келтирилаётганини юксак баҳолади.

Ўзаро савдо ҳажмининг йилдан-йилга ўсиб бораётгани қувонарли эканлиги эътироф этилиб, бу кўрсаткич тез фурсатларда 1 миллиард долларлик маррадан ошишига умид билдирилди.

Покистон Сенати аъзолари соҳавий ва аниқ мақсадга йўналтирилган бизнес-форумларни мунтазам асосда ташкил этиш, икки давлат ҳудудлари ўртасида жонли мулоқот майдонини шакллантириш савдо-иқтисодий муносабатларни янги босқичга олиб чиқишини қайд этди.

Трансафғон темир йўли фойдаланишга топширилгач, унинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида узилиб қолган ришталарни барча йўналишларда қайта жонлантириши, минтақадаги тараққиёт жараёнига ижобий таъсир кўрсатиши эътироф этилди. Сенаторлар мазкур лойиҳа доирасидаги икки ва кўп томонлама мулоқотни жадаллаштириш ва унинг амалий ижросига киришиш зарурлигини айтиб, бу борада ўз имкониятларини тўлиқ сафарбар этишга шайлигини билдиришди.

Мулоқот чоғида маданий-гуманитар соҳада қўшма тадбирларни ташкиллаштириш, халқ дипломатияси воситаларидан кенг фойдаланишга ҳам келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш