Logo

Ўзбекистон ва Германия ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Май 13, 2025. 16:53 • 2 дақ

102
Ўзбекистон ва Германия ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

БЕРЛИН, 13 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонасида Германиянинг Бранденбург федерал ўлкасининг халқаро ҳамкорлик бўйича масъул давлат котиби Дэвид Колесник билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Германиянинг йирик федерал ўлкаларидан бири бўлган Бранденбург сўнгги йилларда барқарор ўсиш динамикасини намойиш этмоқда. Ҳудудда саноатнинг металлургия, кимё йўналишлари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа бир қатор тармоқлар жуда ривожланган. Ушбу минтақанинг ялпи ички маҳсулоти 2024 йил охирига келиб 97,5 миллиард еврони ташкил этди. Бу Бранденбургнинг юқори иқтисодий салоҳиятидан далолат беради ва икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун кенг истиқболларни очади.


Учрашувда сармоявий, савдо-сотиқ, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш масалалар муҳокама қилинди.


Томонлар ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш ва ўзаро бизнес-миссияларини ташкил этиш, Ўзбекистон ва Германияда, жумладан, Савдо-саноат палаталари кўмагида ташкил этилган йирик форумларда иштирок этиш муҳимлигини таъкидладилар. Бу ҳам икки мамлакат хусусий сектори вакиллари ўртасидаги шериклик ташаббусларини рағбатлантиришга хизмат қилади.


Маданият ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик юқори баҳоланди. Потсдам амалий фанлар университети ва Тошкент архитектура-қурилиш университети, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети, Бухоро муҳандислик-технология институти ўртасида тарихий шаҳар мавзеларини сақлаш ва янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилгани айтиб ўтилди.


Бу ўзаро ҳамкорлик академик ҳаракатчанликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва илмий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.


Музокаралар чоғида ўзбекистонлик ёш мутахассисларни Бранденбург шаҳридаги саноат корхоналари ва хизмат кўрсатиш соҳасига ишга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ушбу йўналишда барқарор ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, малакали кадрлар тайёрлаш ва тил билиш кўникмалари оширишдан ўзаро манфаатдорлик билдирдилар.


Учрашув якунида ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган аниқ қўшма ташаббусларни амалий амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш