Logo

ХАЭА бош директори Рафаэл Гросси: Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги муҳим ҳамкор

Ноябрь 24, 2023. 12:13 • 2 дақ

540
ХАЭА бош директори Рафаэл Гросси: Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги муҳим ҳамкор

ВЕНА, 24 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Бахтиёр Ибрагимов Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) бош директори Рафаэл Мариано Гроссига ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири

Маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди. Рафаэл Гросси ХАЭА Ўзбекистонга атом энергетикасини ривожлантириш, ядро фани ва технологияларидан хавфсиз фойдаланишда бундан буён ҳам ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.


У, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг фаол динамикасини юқори баҳолади ва ХАЭА  бўлинмаларининг Ўзбекистон ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигидан яхши хабардор эканини билдирди.


Бош директор Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги алоҳида ўрнини қайд этиш баробарида, ХАЭАнинг «Умид нурлари» ташаббуси доирасида республикада онкологик ёрдам кўрсатиш имкониятларини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини қайд этди.


Томонлар ХАЭА ташаббуси билан ўтказилган анжуманларда Ўзбекистондан кўплаб мутахассислар иштирок этиб, катта тажриба тўплаганини алоҳида таъкидлашди.


Рафаэл Гросси ХАЭА Ўзбекистоннинг кадрлар салоҳиятини ошириш ва қўшма тадбирлар ўтказишга кўмаклашиш орқали ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини ҳам билдирди.


Эслатиб ўтамиз, элчи Бахтиёр Ибрагимов Австрия Президенти Александр Ван дер Белленга ишонч ёрлиқларини топширди, шунингдек, у штаб-квартираси Вена шаҳрида жойлашган Ядро синовларини кенг қамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ташкилоти ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ҳузуридаги Ўзбекистоннинг доимий вакили сифатида расман аккредитациядан ўтди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш