Ўзбекистон бош консули ва Россиянинг Свердловск вилояти спорт вазири ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари бўйича келишиб олдилар
Февраль 12, 2026. 15:22 • 2 дақ
• 387
ЕКАТЕРИНБУРГ, 17 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон консули Жаҳонгир Парманов Свердловск вилояти жисмоний тарбия ва спорт вазири Леонид Рапопорт билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот жараёнида бош консул давлатимизда спорт йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар борасида тўхталиб ўтди. Жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, спортчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди.
Ёшлар ўртасида дўстлик алоқаларни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш мақсадида Свердловск вилоятидаги футбол, баскетбол, хоккей, дзюдо, самбо ва карате спорт турлари бўйича ёшлар ўртасида ўртоқлик мусобақаларини ўтказиш юзасидан таклиф ва ташаббуслар билдирилди.
Ўз навбатида, Леонид Рапопорт вилоятдаги ихтисослаштирилган ва олий таълим муассасалари негизида спорт ва жисмоний тарбия соҳасида олий ва қўшимча касбий таълим олиш имкониятлари ҳақида маълумот берди. У профессионал спорт учун малакали кадрлар тайёрлаш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдириб ўтди.
Шу билан бирга, шу йилнинг май–июнь ойларида Наманган шаҳрида бўлиб ўтадиган 65-гуллар фестивали доирасида ташкил этиладиган спорт мусобақаларига Екатеринбург шаҳрининг ёш футболчиларини юборишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканини таъкидлаб, ўзаро келишувларни амалга оширишнинг амалий механизмларини назарда тутувчи “Йўл харитаси”ни биргаликда тайёрлашни келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси