Logo

Германияда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи муносабатларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди

Октябрь 23, 2025. 17:40 • 2 дақ

61
Германияда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи муносабатларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди

ВИТТEНБEРГ, 23 октябрь. /"Дунё"/. Германиянинг Саксония-Анҳалт федерал ўлкасидаги "Akademie Sachsen-Anhalt e.V." академияси кўмагида "Шарқ–Ғарб учрашувлари" жамғармаси томонидан Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи муносабатларига бағишланган анжуман ташкил этилди, деб хабар беряпти "Дунё" АА мухбири.

Тадбирнинг асосий мавзуси Марказий Осиё мамлакатларидаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнлар ва уларнинг Европа Иттифоқи, айниқса Германия билан ўзаро ҳамкорлиги бўлди.

Дастур дипломатия, илм-фан, иқтисодиёт ва фуқаролик жамияти вакилларининг маъруза ва мунозараларини қамраб олди. Сўнгги янгиликлар, иқтисодий тенденциялар, фуқаролик жамиятининг давлат бошқарувида иштироки, маданий ўзини англаш ҳамда уларнинг ОАВда ёритилиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Германиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Матиас Майер модераторлиги остида Марказий Осиё республикаларининг Германиядаги элчилари иштирокида "Европа ва Марказий Осиё муносабатларида қарашлар, манфаатлар ва кутилаётган натижалар" мавзусида панель муҳокамалар ташкил этилди.

Унда мамлакатимиз элчиси Дилшод Ахатов иштирок этиб, анжуман қатнашчиларини юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари билан таништирди. Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, Европа, хусусан Германия билан мулоқот ҳамда амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш борасида ишлар ҳақида айтиб ўтилди.

Пленар ва панель сессияларда қатнашчиларнинг фаол иштироки Германия аудиториясининг Марказий Осиёдаги ислоҳотлар ва модернизация динамикасига, шунингдек Европа ҳамкорлари билан янги имкониятларга бўлган қизиқишини юқорилигини яна бир бор тасдиқлади.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш