Исломобод шаҳрида Ўзбекистон ва Покистон муносабатларида оммавий ахборот воситаларининг ўрнига бағишланган семинар ўтказилди
Октябрь 30, 2025. 11:36 • 2 дақ
• 222
ИСЛОМОБОД, 30 октябрь. /"Дунё" АА/. Юртимиз элчихонаси ташаббусси билан "Покистон-Ўзбекистон: ОАВ орқали тарих, маданият ва савдода ўсиб бораётган босқич" мавзусида семинар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Покистон Матбуот кенгаши ва "Tashkent Urdu" нашри билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда давлат вазири – Покистон Бош вазирининг миллий мерос ва маданият масалалари бўйича махсус ёрдамчиси Ҳузайфа Реҳман, Исломобод Савдо-саноат палатаси катта вице-президенти Таҳир Аюб, Олий суди адвокатлар уюшмаси президенти Важид Гилани, Ўзбекистон элчихонаси ходимлари, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Покистон Матбуот кенгаши раиси Аршад Хан Жадун очиб берди. У ўз чиқишида Ўзбекистон ва Покистонни асрлар давомида боғлаб турган маданий ва маънавий илдизларга тўхталиб, медиа соҳаси икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Давлат вазири Ҳузайфа Реҳман ўз нутқида, икки мамлакат ўртасидаги маданий ва тарихий ҳамкорлик замонавий даврда янги мазмун касб этаётганини таъкидлаб, матбуот соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш халқлар ўртасида ўзаро англашув ва яқинлашувни жадаллаштиришини қайд этди.
Исломобод Савдо-саноат палатаси катта вице-президенти Таҳир Аюб эса иқтисодий ва савдо муносабатларнинг стратегик аҳамиятига тўхталиб, Трансафғон темир йўл лойиҳаси ва транспорт коридорлари икки давлат учун янги бозор ва инвестиция имкониятларини очишига эътиборни қаратди. "Икки давлат тадбиркорлари ва уларни бирлаштирувчи тузилмалар, жумладан савдо-саноат палаталари ва соҳавий уюшмалар ўртасида алоқаларни кучайтириш, қўшма тадбирларни ташкиллаштиришнинг муҳим", – деди у.
Мамлакатимиз элчихонаси ходими ўз навбатида, Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари сиёсий мулоқот, савдо, таълим, маданият ва минтақавий логистика соҳаларида янги стратегик шериклик босқичига кирганини таъкидлади.
"Ўзбекистон Покистонни Жанубий Осиё ва жаҳон океанига олиб чиқувчи "стратегик эшик" сифатида кўради. Афғонистон орқали Трансафғон темир йўли лойиҳаси ва савдо-транспорт коридорлари икки давлатнинг узоқ муддатли иқтисодий манфаатларига хизмат қилади", – деди дипломат.
Ўзбекистон вакили, шунингдек, оммавий ахборот воситалари халқлар ўртасида ишонч ва тушуниш муҳитини яратишда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, ўтказилаётган семинарнинг Покистон-Ўзбекистон дўстлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишига умид билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади