Logo

Варшавада "Ўзбекистон дўстлари клуби"нинг польшалик аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди

Май 31, 2024. 14:07 • 2 дақ

114
Варшавада "Ўзбекистон дўстлари клуби"нинг польшалик аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди

ВАРШАВА, 31 май. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Польшанинг етакчи олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижий талабалар – "Ўзбекистон дўстлари клуби" аъзолари билан учрашув ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Варшава иқтисодиёт университети билан ҳамкорликда "Action Diplomacy" лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбир Янги Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳиятини намойиш қилишга бағишланди.

Йиғилганларга "Ўзбекистон - 2030" стратегиясининг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар, ўзбек-поляк ҳамкорлиги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида батафсил маълумот берилди. Сўнгги йилларда Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ишонч муҳити кучайиб, интеграция чуқурлашаётгани, шунингдек, Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталик ўрнатиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида таъкидланди.

Анжуман иштирокчилари жорий йил март ойидан бошлаб йўлга қўйилган "Варшава-Тошкент-Варшава" йўналишидаги тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва туризм алоқаларини янада мустаҳкамлашига ишонч билдиришди.

Варшава иқтисодиёт университети талабаси, "Action Diplomacy" лойиҳаси координатори Марта Хирш:

— Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонасида мазмунли ва қизиқарли анжуман ўтказдик. Мен иккинчи маротаба Ўзбекистон элчиси билан учрашиш шарафига муяссар бўлдим.

Биз польшалик талабалар учун Ўзбекистон элчиси билан учрашиш, шунингдек, мамлакатингиз иқтисодиёти ва унга киритилаётган сармоялар ҳақида чуқур маълумот олиш жуда муҳим аҳамият касб этади. Мисол учун, жорий йилнинг май ойида ўтказилган учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми натижалари тўғрисида батафсил маълумот олдик. Бу ҳам жуда муҳим, чунки Ўзбекистон Польшада тобора кўпроқ танилиб бормоқда.

Варшава университети талабаси Эмилия Кунцевич:

—Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасида юқори даражада ташкил этилган тадбирда қатнашиш имконига эга бўлганимдан жуда мамнунман. Ўзбекистон ва ўзбек халқи ҳақида жуда қизиқарли маълумотлар билиб олдим. Бу биз учун жуда манфаатли лойиҳа бўлди. Келажакдаги фаолиятим давомида Ўзбекистон билан ўзаро яқин алоқаларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан.

Варшава иқтисодиёт университети талабаси Пиотр Сосна:

— Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси билан танишув биз учун катта тажриба бўлди. Ажойиб тарзда тайёрланган ўзбек миллий таоми палов ва ширинликларни татиб кўрдим. Ўзимни худди Ўзбекистонда бўлгандек ҳис қилдим. Мамлакатнинг иқтисодий ва туризм салоҳияти тўғрисидаги кўплаб қизиқарли маълумотлар билан ҳам танишдик.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш