Малайзиянинг Саравак университети билан қўшма таълим дастурлари амалга оширилади

Ноябрь 15, 2024. 12:57 • 2 дақ

• 188
Малайзиянинг Саравак университети билан қўшма таълим дастурлари амалга оширилади

КУАЛА-ЛУМПУР, 15 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг Саравак университети (Universiti Malaysia Sarawak – UNIMAS) ректори Ахмат Хата бин Расит билан учрашув ўтказди, деб хабар  қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Университет ректори жорий йил май ойидаги республикага ташрифи давомида барча жабҳаларда, хусусан олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга шахсан гувоҳ бўлганини таъкидлади. Республика бой маънавий ва интеллектуал мероси ҳамда илм-фан соҳасидаги замонавий изланиш ва ютуқларга асосланган ҳолда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш стратегиясини юксак баҳолади. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида республика илм-фан ва маданият соҳасида мавқеини мустаҳкамлаб бораётганини, шу ўринда 2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилганини алоҳида урғулади.

Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрида республика давлат ва хусусий олийгоҳлари билан имзоланган ҳамкорлик ҳужжатларини амалий лойиҳалар билан бойитиш ҳамда яқин истиқболда қўшма таълим ва тадқиқот дастурларини йўлга қўйиш режалари муҳокама қилинди.

Шунингдек ўқинг

Музокаралар натижасида 2025 йилнинг биринчи чорагидан бизнес бошқаруви, ахборот технологиялари ва бошқа ўзаро қизиқиш касб этувчи йўналишларда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш мақсадида республика университетлари негизида таълим марказларини ташкил қилиш ҳамда жорий йил охирида Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.

Малайзиянинг Саравак университети 1992 йилда ташкил этилган. У "Times Higher Education" етакчи ёш университетлар рейтингида 301-ўринни эгаллаган. Бугунги кунда олийгоҳда 12 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Ўзбекистоннинг Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ренессанс университети, Халқаро молиявий технология ва фан мактаби (ISFT институти) билан шартнома ва меморандумлар имзоланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш