Logo

Польшада Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд саналарига бағишланган шахмат турнири ўтказилди

Февраль 20, 2024. 12:37 • 2 дақ

193
Польшада Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд саналарига бағишланган шахмат турнири ўтказилди

ВАРШАВА, 20 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан «Collegium Humanum» Варшава менежмент университетида улуғ мутафаккирлар Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги муносабати билан шахмат бўйича халқаро турнир ўтказилди, деб хабар қилаяпти «Дунё» АА мухбири.

Турнирда Польша етакчи банклари, компаниялари, олий таълим муассасалари вакиллари ва ҳамюртларимиз ўзаро дона суришди.

Элчихона вакиллари тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиқиб, икки буюк мутафаккир боболаримиз ҳаёти ва ижоди тўғрисида батафсил маълумот бердилар. Шунингдек, Навоий ва Бобур меросига бағишланган ҳужжатли видеофильм намойиш этилди.

Дипломатлар шахмат азалдан ота-боболаримизнинг севимли интеллектуал машғулоти бўлганини, кўплаб тарихий шахслар, олим-у уламоларимиз шахмат ўйнагани ҳақидаги аниқ маълумотлар борлигини таъкидладилар.

Бундан ташқари, юртимизда ушбу спорт тури сўнгги йилларда ёшлар ўртасида янада оммалашаётгани, бу борада ёшларга берилаётган кенг имкониятлар ва ёш «ақл гимнастикачиларимиз» эришаётган юксак натижалар алоҳида айтиб ўтилди.

«Collegium Humanum» университет ректори Павел Чарнецкий ўз навбатида, Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги мустаҳкам дўстлик, шерикчилик ва ҳамкорлик алоқаларига тўхталиб ўтди.

«Буюк ўзбек шоирлари ва давлат арбоблари хотирасидаги бағишланган шахмат бўйича халқаро турнир Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги спорт, маданий ва тарихий алоқаларнинг мустаҳкамлигидан далолат беради. Ўзбекистон элчихонасига ушбу мусобақани ташкил этишга кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдираман. Бу каби спорт тадбирлари икки мамлакат ёшлари ўртасидаги ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Биз келгусида кўплаб спорт турлари бўйича мусобақаларни биргаликда ўтказиш тарафдоримиз», - деди Павел Чарнецкий.

Ушбу мусобақа жуда кескин ва қизиқарли баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди. Якуний натижаларга кўра, ғолибликни қўлга киритган гроссмейстерликка даъвогарлар мусобақа ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Турнир ғолиби Якуб Сулиборски:

- Бугунги мусобақада иштирок этганимдан жуда хурсандман. Беллашувлар жуда шиддатли кечганига қарамасдан якунда ғолиб бўлиб мусобақанинг юқори шоҳсупасидан ўрин олдим. Фурсатдан фойдаланиб, турнир ташкилотчилари — Ўзбекистон элчихонаси ва «Collegium Humanum» университетига ўз миннатдорлигимни билдираман.

2-ўрин соҳиби Жейхун Хусейнзоде:

- Бугунги турнир қизиқарли ва шиддатли тарзда кечди. Биринчи учрашувда мағлуб бўлсамда, қолган олтита партияда ғалабага эришдим. Якунда иккинчи ўринни эгалладим. Ўйлайманки, бу каби турнирлар давомий бўлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш