Logo

Польшанинг Люблин воеводлиги ва Навоий вилояти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди

Декабрь 18, 2023. 11:06 • 2 дақ

162
Польшанинг Люблин воеводлиги ва Навоий вилояти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди

ВАРШАВА, 18 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев амалий сафар билан Польшанинг Люблин воеводлигига (вилояти) бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Сафар давомида ҳудуд раҳбарияти, ишбилармон доиралар вакиллари ва олий таълим муассасалари мутасаддилари билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказилди.


Жумладан, Люблин воеводлиги маршали (ҳокими) Ярослав Ставиарски билан учрашув ўтказилди.


Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар, Ўзбекистон–Польша ҳамкорлиги ҳолати ва истиқболлари, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқалар, Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳияти ва «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг мазмун-моҳиятига бағишланган батафсил тақдимот ўтказилди.


Мулоқот чоғида, шунингдек энергетика, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, кимё саноати, туризм, миграция, спорт ва маданий-гуманитар соҳаларда Навоий вилояти ва Люблин воеводлиги ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни ўрнатишга оид битим лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.


Польша томони Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасида тез суратларда ривожланиб бораётган мамлакат сифатида билишини ва амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади.


Воеводлиг маршали Ярослав Ставиарски Навоий вилояти ҳокимлиги бошчилигидаги делегацияни Польшага таклиф қилди. Ўз навбатида, Люблин воеводлиги делегациясининг 2024 йил май ойида Ўзбекистонга  боришга тайёрлиги маълум қилинди.


Ўзаро ташрифлар давомида икки мамлакатда ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркаларда тегишли ишбилармон доира вакилларининг иштироки ва қўшма бизнес-форум ташкил этиш бўйича келишиб олинди.


Маршал ўринбосари Збигнев Войцеховский, Люблин Савдо-саноат палатаси президенти Дариуш Едлина ҳамда тиббиёт ускуналари, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги тармоқларида фаолият юритувчи компаниялар раҳбарлари  билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида Навоий вилоятидаги шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали турли лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.


Люблин иқтисодиёт ва инновациялар академияси ректори Марек Опиалек билан бўлиб ўтган учрашувда эса ушбу олий ўқув юрти делегациясининг Навоийга сафарини уюштириш масалалари кўриб чиқилди.


Учрашув натижасида Навоийда мазкур академия филиалини очиш ва Европа Иттифоқининг «Erasmus+» лойиҳаси доирасида ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш