Logo

Ўзбекистон элчихонаси ва Жанубий Корея университети раҳбарияти иқтидорли ўзбек талабалари учун қўшимча стипендиялар ажратиш ҳамда академик алмашинув дастурини амалга ошириш тўғрисида келишиб олишди

Декабрь 13, 2023. 19:03 • 53 сония

1440
Ўзбекистон элчихонаси ва Жанубий Корея университети раҳбарияти иқтидорли ўзбек талабалари учун қўшимча стипендиялар ажратиш ҳамда академик алмашинув дастурини амалга ошириш тўғрисида келишиб олишди

СЕУЛ, 13 декабрь. «Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Виталий Фен Жанубий Кореянинг «Woosong» университети проректори Ю-Тэк Ли билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.


Ўзбекистонда бир қатор Жанубий Корея университетлари муваффақиятли фаолият юритаётгани ҳамда бир неча минг ўзбек талабаларининг ушбу мамлакатнинг нуфузли олий ўқув юртларида таълим олаётгани мамнуният билан таъкидланди.


 Ўзбекистон олий таълим муассасалари ва «Woosong» университети ўртасида долзарб бўлган ҳамкорлик йўналишларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга  алоҳида эътибор қаратилди.


Бўлиб ўтган учрашув натижасида талабалар, олимлар ва профессор-ўқитувчиларнинг академик алмашинувларини йўлга қўйиш, ҳамкорликдаги таълим лойиҳалари учун муайян молиялаштириш имкониятларини аниқлаш, икки давлатдаги илмий муассасалар, тегишли давлат идоралари ва олий таълим муассасалари билан биргаликда турли тадбирлар ўтказиш, Ўзбекистоннинг иқтидорли талабалари учун қўшимча стипендиялар (грантлар) жорий қилиш ва бошқа масалалар юзасидан аниқ келишувларга эришилди.


Музокаралар сўнгида Ўзбекистон элчихонаси ва «Woosong» университети ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш