Logo

Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамламоқда

Ноябрь 30, 2023. 13:59 • 2 дақ

275
Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамламоқда

ВАРШАВА, 30 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси ушбу мамлакатда бўлиб турган ватандошларга масофадан туриб зарур маълумотларни олишда қулайлик яратиш мақсадида Теlegram мессенжерида дипломатик миссиянинг расмий канали ва ботини (UzEmbPoland ва uz_embassy_poland_bot) яратди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Бугунги кунда Польшада 30 мингга яқин ватандошимиз истиқомат қилади, уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинмоқда.


Польша расмий статистик маълумотларига кўра, фақат 2023 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон фуқароларига 14 минг 358 та ишлаш рухсатномаси ва 600 дан ортиқ талаба визаси берилган.


Ватандошлар Варшавадан олис ҳудудларда истиқомат қилаётгани сабабли уларнинг дипломатик ваколатхонага келиб маслаҳат олиши билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. Юртдошларимизнинг Польшада бўлиш шартларини осонлаштириш, шунингдек, уларга масофадан туриб қизиқтирган маълумотларни олишда қулайлик яратиш мақсадида Теlegram мессенжерида элчихонанинг расмий канали ва боти (UzEmbPoland ва uz_embassy_poland_bot) яратилди.


Теlegram-каналда дипломатик миссия фаолиятига оид сўнгги янгиликлар, бўлиб ўтаётган тадбирлар ва ватандошларни қизиқтирган бошқа маълумотлар тизимли равишда эълон қилинади, элчихона томонидан ўтказилаётган тадбирлар тўғрисида эълонлар жойлаштирилади.


Теlegram-ботда фуқаролар элчихонанинг алоқа маълумотлари, банк ҳисоб рақами, ҳужжатларни тасдиқлаш тартиби, тўлов турлари, ҳужжатларни олиш тартиби, консуллик рўйхатидан ўтиш, нотариал ҳаракатлар ва бошқалар ҳақида маълумот олишлари мумкин.


Шунингдек, фуқаролар мурожаатларини тезкорлик билан кўриб чиқиш учун pl.consulate@mfa.uz алоҳида электрон почта манзили очилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш