Ўзбекистон ва АҚШ ёшлари ўртасида таълим соҳасидаги алмашинув кенгаймоқда
Ноябрь 10, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 40
СИЭТЛ, 10 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон бош консули Аҳрор Бурханов АҚШнинг “Foundation for International Understanding Through Students” (FIUTS) ташкилоти ижроия директори Алекс Ради билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат чоғида ёшлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, қисқа муддатли таълим дастурлари ва танишув сафарларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари ва университет талабалари учун алоҳида дастурларни ишлаб чиқиш таклиф этилди. Мактаб ўқувчиларининг Сиэтл ва АҚШнинг бошқа етакчи шаҳарларига сафарларини ташкил этиш масаласи муҳокама қилиниб, ташриф чоғида касб танлаш, етакчилик кўникмаларини ривожлантириш ва америкалик тенгдошлар билан мулоқот қилишга эътибор қаратилиши режалаштирилди. Талабалар учун эса дастурлар технология, муҳандислик ва тадбиркорлик соҳаларидаги билимларни кенгайтиришга қаратилган.
Шунингдек, университетларда машғулотлар ўтказиш, илмий лабораториялар билан танишиш, “Microsoft” ва “Amazon” каби йирик компанияларга бориш ҳамда мутахассислар билан учрашувларни дастурларга киритиш имкониятлари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, АҚШ Давлат департаменти томонидан қўллаб-қувватланадиган алмашинув дастурларида Ўзбекистон ёшларининг иштирокини ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Америкалик ёшларнинг Ўзбекистонга таълим ва маданий-маърифий сафарларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг тарихий-маданий мероси билан танишишдан ташқари, университетлар ва IT-паркка ташриф буюриш, шунингдек, ўзбекистонлик тенгдошлар билан учрашувлар уюштириш таклиф қилинди.
Алекс Ради ташаббусни қўллаб-қувватлаб, Вашингтон университети ва Беллвью коллежи ҳамкорлари билан биргаликда америкалик талабларни дастурга жалб этиш имкониятларини ўрганишга тайёрлигини билдирди.
Томонлар америкалик ёшларнинг Ўзбекистонга сафарларини 2027 йил баҳорида, ўзбекистонлик ёшларнинг Сиэтл шаҳрига сафарларини эса ёзда ташкил этишни ишлаб чиқишга келишиб олдилар. FIUTS таълим дастурлари лойиҳаларини тайёрлашга ва манфаатдор муассасалар билан мулоқотни давом эттиришга тайёрлиги таъкидланди.
FIUTS халқаро таълим ва маданий дастурларни амалга ошириб, хорижлик ёшларнинг АҚШ университетлари, компаниялари ва маҳаллий жамоалари билан алоқаларини ривожлантиришга кўмаклашади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси