Янги Ўзбекистон ислоҳотлари Хитой жамоатчилиги диққат марказида

Ноябрь 10, 2026. 08:10 • 5 дақ

• 9
Янги Ўзбекистон ислоҳотлари Хитой жамоатчилиги диққат марказида

ПЕКИН, 10 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Пекинда нашр этилган хитой тилидаги “Ўзбекистон барқарор тараққиёт ва фаровонлик йўлида” номли китоби хитойлик экспертлар, илмий-академик ҳамжамият ва ишбилармон доиралар вакиллари орасида катта қизиқиш уйғотди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Пяо Янфань, ШҲТ бош котиби ўринбосари:

– ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари асарларининг нашр этилиши ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқлилик, цивилизациялар хилма-хиллигига ҳурмат ва биргаликда ривожланишга интилишга асосланган “Шанхай руҳи”га тўла мос келади. Ҳамкорларнинг бошқарув соҳасидаги тажрибасини ўрганиш уларнинг модернизация сари мустақил йўлларини янада чуқурроқ англашга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойда чоп этилган китобида Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини ошириш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижалари кенг ёритилган.

Эътиборлиси, китобнинг алоҳида боби республиканинг ШҲТ билан ҳамкорлигига бағишланган бўлиб, Президент томонидан ташкилот доирасида илгари сурилган ташаббуслар сиёсий ҳамкорлик, хавфсизлик, иқтисодий ўзаро боғлиқлик ва маданий-гуманитар алмашинувларни мустаҳкамлашга қаратилган.

Сунь Вэйдун, “Марказий Осиё – Хитой” формати котибияти бош котиби:

– Янги нашрни Хитой китобхонлари учун Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини англашда муҳим манба деб биламиз. Шу билан бирга, мазкур асар Янги Ўзбекистоннинг миллий тараққиёт йўли ҳамда унинг ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини англашда муҳим аҳамиятга эга.

Китобда минтақавий ҳамкорлик, хусусан, “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасидаги алоқаларни ривожлантириш масалаларига катта эътибор қаратилганини мамнуният билан таъкидлаш лозим.

Давлат раҳбарининг ушбу китоби Хитой экспертлар ҳамжамияти учун муҳим қўлланма бўлишига ишончим комил. Ўзбекистон халқига барқарор тараққиёт ва фаровонлик ҳамда янада юксак марраларни забт этишини тилайман.

Ван Бо, “CAMCE” (China CAMC Engineering Co.) компанияси раиси:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг китоби Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорликдан манфаатдор бўлган Хитой ишбилармонлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ишбилармонлик муҳитининг жозибадорлигини сезиларли даражада ошириб, хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратмоқда.

Хусусан, компаниямиз Президент томонидан юксак баҳоланган Олимпия шаҳарчаси қурилиши ҳамда Тошкент ва Андижонда чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича иккита йирик лойиҳага инвестиция киритган.

Мазкур лойиҳаларни Хитой бизнесининг Президент Шавкат Мирзиёевнинг “яшил” энергетикани ривожлантириш ва иқтисодиётни экологик трансформация қилишга қаратилган сиёсатига қўшган амалий ҳиссаси сифатида қараш мумкин.

Мамлакатда кечаётган ўзгаришларнинг туб моҳияти ва стратегик устувор йўналишларини янада чуқурроқ англаш мақсадида компаниямизнинг Ўзбекистонда ишлаётган ходимларини ушбу китоб билан яқиндан таништириш режалаштирилган.

Ли Цзиго, ХХР ТИВ ҳузуридаги Хитой халқаро муаммолар академияси Евроосиё институти директори:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошқарувига бўлган ёндашуви ҳамда китобда акс этган ислоҳотлар самарасини юксак баҳолайман.

Ташқи сиёсат соҳасида қўшни давлатлар билан муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани ҳамда Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари механизми шаклланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Энг муҳими, минтақавий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши Ўзбекистоннинг жаҳондаги барча мамлакатлар билан барқарор алоқаларини ривожлантириш билан уйғун тарзда кечмоқда.

Фу Сяотцян, Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси директори:

Шунингдек ўқинг

– Президент китобида Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг стратегик концепцияси тизимли баён этилган. У миллий тараққиёт, ижтимоий ва ташқи сиёсат ўртасидаги ўзаро боғлиқликни яққол кўрсатиб беради. Сўнгги ўн йил давомида республика иқтисодиётни эркинлаштириш, дунёга очиқлик ва ҳаёт сифатини яхшилаш омилларини изчил уйғунлаштириб келмоқда.

Барқарор ривожланиш миллий хусусиятлар ва аҳоли манфаатларига таянишни талаб қилади. Тақдим этилган асарни Си Цзинпиннинг давлат бошқарувига бағишланган асарлари билан таққослаганда, ҳар бир мамлакатнинг ўз тараққиёт йўлини мустақил танлаш ҳуқуқини ҳурмат қилган ҳолда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ёндашувларнинг муштараклигини кўриш мумкин.

Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилни тўла қўллаб-қувватлайман.

Сюй Тао, ХХР Давлат кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий ривожланиш тадқиқотлари маркази Евроосиё ижтимоий ривожланиш институти директори ўринбосари:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг муҳим чиқишлари, халққа мурожаатлари ҳамда халқаро минбарлар, жумладан, БМТ Бош Ассамблеяси ва ШҲТ саммитларида сўзлаган нутқлари жамланган ушбу китоб мазмунига эътибор қаратмоқчиман. Мазкур материаллар давлат раҳбарининг бошқарув тизимини ислоҳ қилишга оид ёндашувлари изчиллигини тўла англаш имконини беради.

ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонасида фаолият юритган киши сифатида ушбу юртга бўлган меҳрим ўзгача. Сўнгги ўн йилликдаги тарихий ўзгаришларни юксак қадрлайман.

Энг муҳим йўналишлар орасида камбағалликни қисқартириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва “ақлли шаҳар” технологияларини жорий этиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ислоҳотлар саноат, қишлоқ хўжалиги ва маданият соҳаларига қўшимча суръат бағишламоқда.

Мазкур асар Хитой–Ўзбекистон дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлашда янги кўприк вазифасини ўтайди. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистон халқига улкан зафарлар тилайман.

Сунь Лицзе, ХХРнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси:

– Китобнинг хитой тилида нашр этилиши маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ва давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади. Хитой жамоатчилигининг Янги Ўзбекистон ислоҳотлари билан яқиндан танишиши Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ўзгаришлар кўлами ва моҳиятини теранроқ тушунишга хизмат қилади.

Пан Дапэн, Хитой Ижтимоий фанлар академияси Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори ўринбосари:

– Президент Шавкат Мирзиёев китобининг ўзига хослиги шундаки, у Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнига стратегик дастурларнинг изчил рўёби сифатида қараш имконини беради.

Камбағалликни қисқартириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини ислоҳ қилиш ҳамда маҳалла институтини кучайтириш орқали ҳаётга татбиқ этилаётган инсонга йўналтирилган тараққиёт бу борада ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Вэй Рао, “Shenzhen New Industries Biomedical Engineering” компанияси раиси:

– Аввало, Президент Шавкат Мирзиёевнинг асари хитой тилида нашр этилгани учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Шубҳасиз, ушбу китоб халқларимиз ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Китоб Ўзбекистон билан келгусидаги фаолиятимизда компаниямиз учун дастурий қўлланма вазифасини ўтайди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистон билан узоқ йиллик ҳамкорлик тажрибасига эга компаниямиз номидан алоқаларимизни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканимизни билдирмоқчиман ва мамлакат халқига келгусида улкан муваффақиятлар тилайман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш