Саудия Арабистони ёшлари Ўзбекистон университетларида ўқишга қизиқиш билдиряпти
Июль 29, 2025. 17:30 • 2 дақ
• 86
ЖИДДА, 29 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон бош консули Сирожиддин Шамсуддинов Саудия Арабистони Таълим вазирлигининг Жидда бўлими бош котиби Манал бинти Муборак билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Саудия вакиласи юртимизда сўнгги йилларда олий таълимни тизимли ислоҳ қилиш, инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрларни тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижалари билан таништирилди. Мамлакатимизда ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, бандлигини таъминлаш, уларни хорижий тиллар, замонавий касбларга ўқитиш ва спортга жалб қилиш бўйича дастурлар ҳақида таъкидланди.
Самарқанддаги Имом Бухорий илмий-тадқиқотлар маркази, Тошкент халқаро ислом академияси ва давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимизда барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази каби маърифий масканлар фаолияти қайд этилди. Шунингдек, Бош консулхона ҳузурида "Ўзбек тилини ўргатиш маркази"ни очиш таклифи билдирилди.
Саудия Арабистони Таълим вазирлигининг Жидда бўлими бош котиби ўз навбатида, мазкур ташаббусни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.
Бош котиб Манал бинти Муборакнинг айтишича, Саудия Арабистони Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясининг бешиги сифатидаги ўрнидан келиб чиқиб, мамлакатимиз билан ҳунармандчилик, амалий санъати буюмларини ясаш, хаттотлик, ёғоч ўймакорлиги, миниатюра санъати, каштачилик ва гилам тўқиш соҳаларида ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор.
"Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик доирасида Саудия ёшлари ва мураббийлари учун Ўзбекистонга қисқа муддатли ўқув курслари ва мастер-класслар ташкил этишни таклиф қиламиз", – деди у.
Мулоқот чоғида, шунингдек, Жидда, Макка ва Мадинадаги олий таълим муассасаларида Ўзбекистон фуқаролари учун, Ўзбекистоннинг тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва муҳандислик йўналишларидаги университетларида саудиялик ёшлар учун грантлар ажратиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади