Logo

Гендер тенгликни таъминлаш ва аёллар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси Польшада тақдим этилди

Март 08, 2024. 13:26 • 3 дақ

268
Гендер тенгликни таъминлаш ва аёллар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси Польшада тақдим этилди

ВАРШАВА, 8 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасида 8 март — Халқаро хотин-қизлар кунига муносабати билан "Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш" мавзусида давра суҳбати ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуманда Польша маданият ва миллий мерос вазири ўринбосари Божена Желазовска, Касаба уюшмалари иттифоқи, Европа интеграцияси клуби, Польша Аёллар лигаси ассоциацияси ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Амирсаид Агзамходжаев тадбирнинг очилиш қисмидаги нутқида иштирокчиларни 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами билан самимий қутлади.

Давра суҳбати иштирокчиларига Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларга нисбатан зўравонлик ва камситишнинг олдини олиш ҳамда хотин-қизларни қўллаб қувватлаш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

 Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сўнгги икки йилда мамлакатимизда 40 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилингани қайд этилди. Хусусан, Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш миллий стратегияси амалга оширилаётгани таъкидланди.

Польша маданият ва миллий мерос вазири ўринбосари Божена Желазовска  ўз чиқишида, 2022 йилда Ўзбекистонга амалга оширган ташрифини илиқ ёдга олди. У Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг жамиятда тутган ўрни бўйича амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаб, бу борада Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар таҳсинга сазоворлигини таъкидлади.

"Мамлакатингизда тадбиркорлик субъектлари орасида аёллар улушини ошириш, ишбилармон хотин-қизлар лойиҳалари учун имтиёзли кредит берилаётгани ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларга катта эътибор қаратилаётганининг исботидир." — деди Божена Желазовска.

Польша аёллар лигаси Ассоциацияси раиси Альдона Михалак юртимизда гендер тенглик борасида оқилона сиёсат олиб борилаётгани, давлат муассасаларида фаолият олиб борувчи аёллар сони 35 фоизни ташкил этаётганига эътибор қаратди.

Касаба уюшмаси иттифоқи раиси ўринбосари Барбара Попеларц ўз нутқида, Польшада эркак ва аёл ходимлар ойлик маошида сезиларли тафаввуд мавжудлиги, аммо Ўзбекистонда бу борада фарқнинг йўқлиги алоҳида эътирофга сазоворлигини билдирди. Унинг айтишича, аёллар фаровонлигини таъминлашда уларнинг иш фаолияти жараёнида зарур шарт-шароитларни яратиш ва меҳнатига лойиқ маош тайинлаш асосий омиллардан биридир.

Давра суҳбати якунида Польша маданият ва миллий мерос вазири ўринбосари Божена Желазовска, Аёллар лигаси ассоциацияси раиси Альдона Михалак Ўзбекистон-Польша маданиятларини тарғиб қилиш йўлида қўшган ҳиссаси учун "Глория артист" кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Польша Аёллар лигаси ассоциация вице-президенти Сильвия Рожиска Ярош:

—Мен Ўзбекистон дипломатик миссияси томонидан ташкил этилган ўзига хос тадбирда иштирок этганимдан жуда мамнунман. Учрашув давомида биз Ўзбекистон қонунчилиги, гендер тенгликка эришиш, аёллар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш борасида кўпгина маълумотларга эга бўлдик. Аёлларнинг нафақат жамиятдаги балки бизнес соҳасида тутган муҳим ўрни ва давлатингиз раҳбари даражасида хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эътибор таҳсинга лойиқ.

Ўзбек аёлларига барча эзгу тилакларимни йўллайман.

Польша аёллар лигаси ассоциация раиси Алдона Михалак

— Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган тадбирга таклиф учун Ўзбекистон элчихонасига миннатдорлик билдираман. Сермаҳсул ўтган учрашувда Ўзбекистонда давлатингиз раҳбари бошчилигида сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар, аёлларнинг жамиятда тутган муҳим ўрни борасида фикр алмашдик. Биз ўзбек аёлларининг мамлакат тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссасини эътироф этамиз ва улар билан тажриба алмашишга тайёрмиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш