Таълим соҳасидаги нуфузли британ компанияси Ўзбекистонда янги дастурларни жорий қилиш имкониятларини ўрганяпти
Август 21, 2024. 08:56 • 2 дақ
• 372
ЛОНДОН, 21 август. "Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Британиянинг "Pearson" таълим ташкилотининг вице-президенти Жейн Бейкер билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Жейн Бейкер ташкилот фаолияти, "Pearson" томонидан тақдим этиладиган таълимнинг барча босқичларидаги хизматлар кўрсатиш, дарсликлар яратиш, онлайн курслар, тест тузиш амалиёти, малака ва кўникмаларни ҳамда таълим муассасаларини баҳолаш тизимлари ҳақида батафсил айтиб ўтди.
Таълим йўналишида Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этиши қайд этилган ҳолда, мазкур жабҳада "Pearson" ташкилоти билан алоқаларни йўлга қўшиш ҳар икки томон учун манфаатли бўлиши таъкидланди.
"Pearson" таълим ташкилоти вице-президенти, шунингдек, Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширалаётган кенг кўламли ислоҳотларни ва ёшларнинг сифатли таълим олиши учун яратиб берилаётган шароитларни юқори баҳолади.
Томонлар "Pearson" таълим дастурларини Ўзбекистонда кенг жорий қилиш, профессионал ва олий таълим муассасалари талабалари битирувчилари ҳамда мутахассисларининг Буюк Британия университетлари билан ўзаро манфаатли асосда ҳамкорликда ишлашлари учун амалий кўмак кўрсатиши тўғрисида ҳам фикр алмашдилар.
"Pearson" вакилларига шу йил 5-17 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё таълим форумида иштирок этиш таклифи билдирилди.
Штаб-квартираси Лондонда жойлашган "Pearson" таълим хизматларини кўрсатувчи дунёдаги энг етакчи компания ҳисобланади. Ташкилот мактаблар учун дарсликлар, онлайн ўқув курслар, уларда баҳолаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ўқитувчиларнинг малакасини оширишда техник ёрдам кўрсатиш йўналишларида фаолият олиб боради. Компаниянинг дунё бўйлаб 55 га яқин минтақавий таълим марказлари бор. Ташкилот тизимида 20 минг зиёд малакали мутахассислар фаолият кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси