Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги техникумга Санкт-Петербургдан 35 дона тикув машинаси топширилди
Октябрь 03, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 139САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 3 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси ҳамда ушбу шаҳардаги ватандошлар томонидан Андижон вилояти Балиқчи туманидаги 1-сон техникумга 35 та тикув машинаси топширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур хайрия тадбири Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилиб, юртимиздаги таълим муассасаларини моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилди.
Дипломатлар ва ватандошлар томонидан тақдим этилган тикув машиналари техникум ўқувчиларининг тикувчилик йўналиши бўйича амалий кўникмаларини оширишга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, ёшларнинг замонавий касбларни эгаллаши ва келгусида муносиб иш топишига кўмаклашади.
Чет элдаги ватандошлар ва дипломатик муассасалар томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлаш юртимиз таълим тизимини ривожлантиришга қўшилаётган муҳим ҳиссадир. Мазкур хайрия акциясини келгусида ҳам давом эттириш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, август ойида Санкт-Петербургдаги Бош консулхона кўмагида умумий қиймати 1 миллион 302 минг 515 рубллик замонавий кўча спорти жиҳозлари партияси беғараз равишда Ўзбекистонга олиб келинган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




