Logo

Туркияда Ўзбекистон маданияти элчиси тайинланди

Июль 28, 2025. 15:12 • 2 дақ

123
Туркияда Ўзбекистон маданияти элчиси тайинланди

АНҚАРА, 28 июль. /"Дунё" АА/. "Ўзбекистон маданияти, бирдамлиги ва ҳамкорлик жамияти раиси, тарихий ватандошимиз Чокай Кочар Туркиядаги Ўзбекистон маданияти элчиси этиб тайинланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Чокай Кочар ватандошларимиз ўртасида бирдамликни мустаҳкамлаш, ўзбек миллий маданиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш йўлидаги фидокорона саъй-ҳаракатлари учун ушбу юксак эътирофга лойиқ кўрилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон элчихонасида ташкил этилган тадбирда ТУРКСОЙ Бош котиби ўринбосари Сайит Юсуф, маданий-маърифий соҳа вакиллари, "Ўзбекистон маданияти, бирдамлиги ва ҳамкорлик" жамияти аъзолари, Туркияда истиқомат қилаётган этник ўзбеклар, илм-фан ва ижод аҳли ҳамда фаол ватандош талабалар қатнашди.

Мамлакатимиз элчиси Илҳом Ҳайдаров Чокай Кочарга Ўзбекистон маданияти элчиси кўкрак нишони ва махсус сертификатни тантанали тарзда топширди.

Чокай Кочар мазкур юксак лавозимга лойиқ кўрилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдириш баробарида, мамлакатимизнинг бой тарихий ва маданий меросини Туркияда кенг тарғиб қилишга барча билим ҳамда имкониятларини сафарбар этишини билдирди.

"Икки давлат раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон – Туркия стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, – деди у. –Ҳамкорлик барча йўналишда, хусусан, маданий-гуманитар соҳада фаоллашиб бормоқда. Менга Ўзбекистон маданияти элчиси мақоми берилиши эса икки қардош халқ ўртасида маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбирда сўзга чиққанлар, шунингдек, Ўзбекистон Президент раҳнамолигида хорижий мамлакатларда ўзбек милилй маданиятини тарғиб қилиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юксак баҳоладилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш