Ўзбекистон ва Австрия университетлари ўртасида академик ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди
Сентябрь 17, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 134
КРЕМС, 17 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Австриянинг Кремс узлуксиз таълим университети Олий таълим соҳасидаги тадқиқотлар департаменти доктори Корина Гепперт билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Австрия олий таълим муассасалари ва таҳлилий марказлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма таълим ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан фикр алмашди.
Корина Гепперт Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдорлиги, ҳамкорликни ривожлантириш, ўқитувчи ва тадқиқотчилар алмашинуви ҳамда қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Австрия, Марказий, Шарқий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ҳамда бошқа минтақаларнинг университетлари ва илмий-тадқиқот муассасаларини бирлаштирган “Eurasia-Pacific Uninet” академик тармоғи имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда ўқитувчилар учун академик алмашинувлар ва ўзбек олимларининг халқаро тадқиқотларда, жумладан, академик касбнинг замонавий ва келажакдаги муаммоларига бағишланган “Академик касбнинг ҳозирги ва келажак муаммолари” лойиҳасида иштирок этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Кремс узлуксиз таълим университети Австриянинг профессионал ва дипломдан кейинги таълим ҳамда амалий тадқиқотларга ихтисослашган давлат олий таълим муассасасидир.
1995 йилда ташкил этилган университет 100 дан ортиқ мамлакатдан 6,4 мингдан ортиқ талабани бирлаштиради. Унинг тадқиқотлари технология ва инновациялар, таълим, соғлиқни сақлаш, маданий мерос, миграция ва барқарор жамиятларни шакллантириш масалаларини қамраб олади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси