Сиэтл марказий кутубхонаси фонди ўзбек адабиёти билан бойитилди
Сентябрь 15, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 60СИЭТЛ, 15 сентябрь. /“Дунё” АА/. “Seattle Public Library” фондига ўзбек адабиёти, тарихи ва миллий маданиятини акс эттирувчи ўнта китоб топширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу ташаббус мамлакатимиз Бош консулхонаси томонидан амалга оширилди. Кутубхона раҳбарияти билан учрашув ўтказилиб, унда узоқ муддатли маданий-маърифий ҳамкорлик ҳамда юртимиз ҳақида ҳамда ва ўзбек тилидаги адабиётлар кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Кутубхонага Абдулла Қодирий, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов ва Худойберди Тўхтабоевнинг асарлари, шунингдек, Амир Темур ва мамлакатимизнинг миллий қадриятларига бағишланган нашрлар топширилди.
Кутубхона раҳбарияти ўзбек адабиётига катта қизиқиш билдириб, келгусида фондни замонавий бадиий, тарихий, илмий-оммабоп ва болалар нашрлари билан бойитиб боришга тайёрлигини маълум қилди.
Томонлар, 40 га яқин тил тақдим этилган Сиэтл марказий кутубхонасининг тиллар хилма-хиллиги қаторига ўзбекча сўз ёки ибораларни қўшиш, Ўзбекистон кутубхоналари билан бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда китоблар ва электрон ресурслар алмашинувини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқди.
Келгусида Сиэтлда Ўзбек адабиёти ҳафталиги, китоб кўргазмалари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни биргаликда ўтказиш режалаштирилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


