Ўзбекистон ва Покистон бўлажак бизнес-форумга тайёргарликнинг бориши ва 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режаси устида олиб борилаётган ишларни муҳокама қилди

Июль 15, 2026. 20:26 • 2 дақ

119
Ўзбекистон ва Покистон бўлажак бизнес-форумга тайёргарликнинг бориши ва 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режаси устида олиб борилаётган ишларни муҳокама қилди

ИСЛОМОБОД, 15 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Бош вазирининг маслаҳатчиси, саноат ва ишлаб чиқариш вазири Харун Ахтар Хон билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациянинг Покистонга ташрифини ташкил этиш ва сафар доирасида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форумини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Мазкур тадбир икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, янги инвестициявий лойиҳаларни шакллантириш ва савдо алоқаларини кенгайтириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилиши урғуланди.

Шунингдек, сафар давомида имзоланиши режалаштирилган икки томонлама ҳужжатлар, истиқболли қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди. Томонлар аниқ амалий келишувлар ижросини таъминлаш ва ташриф якунлари бўйича самарали натижаларга эришиш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.

Шунингдек ўқинг

Покистон Бош вазирининг маслаҳатчиси Харун Ахтар Хон Ўзбекистон томони илгари сурган таклифларни юқори баҳолаб, бўлажак ташрифни пухта тайёрлаш ва уни юқори ташкилий даражада ўтказиш юзасидан ҳар томонлама кўмак кўрсатилишини тасдиқлади.

Ўзбекистон ва Покистон ўртасида 2026–2030 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқишни якунлаш ҳамда уни яқин муддатларда имзолаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш ҳамда ўзаро бизнес делегациялар алмашинувини янада жадаллашлаштиришга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш