Ўзбекистон Ригада ўтказилган хайрия ярмаркасида миллий маҳсулотларини намойиш этди
Ноябрь 24, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 100РИГА, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Латвия пойтахтидаги анъанавий хайрия кўргазма-ярмаркасида Ўзбекистон элчихонаси мамлакатимизнинг бой маданий мероси, анъаналари ва замонавий тараққиёти ҳақида ҳикоя қилувчи миллий стендни тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда 27 дан ортиқ давлат вакиллари, Ригада аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, ноҳукумат, минтақавий ва халқаро ташкилотлар, шунингдек, ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.
Ҳар йили ўтказиладиган мазкур ярмарка халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ва гуманитар ташаббусларни қўллаб-қувватлаш майдони бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон стендида меҳмонларга мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти — тарихий ва маданий обидалар, бетакрор табиат манзаралари ҳамда сайёҳлар учун яратилган замонавий имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ташриф буюрувчиларда қадимий анъаналарга асосланган миллий амалий санъат намуналари, қўл меҳнати билан яратилган миллий либослар ва аксессуарлар алоҳида қизиқиш уйғотди. Бундан ташқари, юқори сифатли ўзбек озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам намойиш этилди.
Стендга хорижий давлатлар элчилари ва дипломатлари, Латвия ҳамда халқаро ташкилотлар, бизнес доиралари вакиллари ва кўплаб меҳмонлар катта қизиқиш билдирдилар. Улар ўзбек маданиятининг ўзига хослиги, ҳунармандларимиз ижод намуналари ва юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятига юқори баҳо бердилар.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг туристик имкониятлари тақдимоти ҳам ўтказилиб, иштирокчиларга “Uzbekistan – Crossroads of Civilization” ҳамда “Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг сайёҳлик дарвозаси” номли промо-роликлар намойиш қилинди. Меҳмонлар дунёга машҳур обидалар, қадимий шаҳарлар гўзаллиги, халқимизнинг бой маданияти ва урф-одатларини катта қизиқиш билан қарши олдилар.
Ярмаркада Латвияда истиқомат қилаётган ватандошларимиз ҳам фаол иштирок этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



