Ар-Риёзда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ишбилармонлик ҳамда сармоявий ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди

Ноябрь 22, 2023. 15:24 • 2 дақ

206
Ар-Риёзда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ишбилармонлик ҳамда сармоявий ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди

АР-РИЁЗ, 22 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчиси Улуғбек Мақсудов Саудия Арабистонида фаолият юритаётган ишбилармон, шаҳзода Абдулазиз бин Митъаб Ол Сауд шахсий офисининг катта маслаҳатчиси Шуайб Бажва билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги ишбилармонлик ҳамда сармоявий ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.


Учрашувда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бораётгани, ўзаро савдо ҳажми юқори кўрсаткичларни забт этаётгани қайд этилди. Саудия томони вакили  Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона сиёсатга, яхши қўшничилик алоқалари, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо берди.


Суҳбатдош шаҳзода Абдулазиз бин Митъаб Ол Сауднинг ишбилармонлик фаолияти доираси кенглигини инобатга олиб, Ўзбекистондаги нефт-газ, қишлоқ хўжалиги, агросаноат, туризм ва инфраструктура соҳаларидаги йирик лойиҳаларда қатнашиш истагида эканлигини маълум қилди.


У Подшоҳликда "Нигоҳ-2030" дастури доирасида қатор лойиҳалар, жумладан, "Neom", "The Red Sea", "Murabba", "Roshn", "King Salman park", "Al Ula" ва "Line" лойиҳалари амалга оширилаётгани ва хорижий шериклар учун улкан имкониятлар яратилаётганини маълум қилар экан, бунда Ўзбекистондаги йирик компанияларнинг ҳам иштирок этиш имконияти мавжуд эканлигини ҳамда бу борада барча саъй-ҳаракатларини сафарбар этишга тайёрлигини билдирди.


Учрашув чоғида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси Подшоҳликдаги "Нигоҳ-2030" дастури билан ҳамоҳанг эканлиги қайд этилди.


Учрашув якунида ишбилармон Шуайб Бажванинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларига Саудия Арабистони сармояларини жалб қилишни кўриб чиқишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш