Logo

Агра шаҳрида Ўзбекистон тиббий таълим салоҳиятининг тақдимоти ўтказилди

Май 24, 2025. 07:31 • 2 дақ

121
Агра шаҳрида Ўзбекистон тиббий таълим салоҳиятининг тақдимоти ўтказилди

АГРА, 24 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси, Ҳиндистоннинг "KlickEdu" ва "Intermost Ventures" компаниялари ҳамкорлигида Агра шаҳрида мамлакатимизнинг тиббий таълим йўналишидаги салоҳияти тақдим қилинди, деб хабар бермоқда"Дунё" АА мухбири.

Дипломатик миссия раҳбари Сардор Рустамбоев мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим тизимини ривожлантириш, ёш авлод вакилларининг замонавий ва рақобатбардош касбларни эгаллаши, илғор билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун яратилаётган қулай шароитлар ҳақида сўзлаб берди. Тиббиёт соҳасини қўллаб-қувватлаш, аҳолига юқори даражадаги хизматлар кўрсатиш, мазкур йўналишдаги олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, талабаларга халқаро андозалар даражасида билим бериш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда Ҳиндистонда тиббиёт тизими изчил ривож топиб, докторлик касбига бўлган талаб ва эҳтиёж юқори ҳисобланади. Шу боис ёшлар ўртасида ушбу мутахассисликни эгаллашга бўлган интилиш ҳам ниҳоятда кучли.

"KlickEdu" компанияси ҳамтаъсисчиси Алакҳ Шаран Сингҳ Ўзбекистон тиббиёт институтлари ва университетларида таълим олаётган ҳинд йигит-қизларининг сафи изчил кенгайиб бораётганини таъкидлади. Айни пайтда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Андижон ва бошқа шаҳарлардаги тиббиёт олий билим юртларида 7 мингдан ортиқ ҳиндистонлик талаба таҳсил олаётгани ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди.

Ўзбекистон таълим тизимидаги самарали ислоҳотлар ва мазкур йўналишда халқаро ҳамкорлик учун яратилган қулай шароитлар ушбу кўрсаткични йилдан йилга ошишига хизмат қилмоқда.

Анжуман доирасида ташкил этилган ярмаркада Андижон давлат тиббиёт институти стенди ота-оналар ва ёшлар билан гавжум бўлди. Ўзбекистонлик мутахассислар олий билим юртида яратилган имкониятлар, таълим олиш шартлари, турар-жой шароитлари ва уларни қизиқтирган бошқа саволларга батафсил жавоб берди.

Тақдимот маросими иштирокчилари эътиборига мамлакатимиз тиббий таълим тизими салоҳиятини ифода этган тарғибот материаллари тақдим этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш