Малайзия компанияси Ўзбекистонда тиббиёт ускуналарини таъмирлаш ва ушбу соҳада мутахассисларни тайёрлаши мумкин
Октябрь 24, 2024. 10:43 • 2 дақ
• 466
КУАЛА-ЛУМПУР, 25 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси раҳбарияти Малайзиянинг "Quantum Medical Solutions" (QMS) компанияси бош ижрочи директори Венкатеш Кумар билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида компания раҳбарияти билан Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Венкатеш Кумар компаниянинг узоқ йиллик муваффақиятли тажрибасига таяниб, Ўзбекистонда тиббиёт ускуналарини сақлаш ва уларни таъмирлаш хизматларини кўрсатиш, ушбу соҳада мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш таклифини билдирди.
"Компания Ўзбекистондаги шифохоналарда мавжуд тиббиёт ускуналаридан фойдаланиш муддати ва самарадорлигини оширишга ёрдам бериши мумкин. Шунингдек, мамлакатда тиббий муҳандис мутахассисларни тайёрлашда, яъни уларни Малайзиядаги ҳамкасблари билан бирга бевосита иш жараёнида малакасини ошириш ва шу орқали соҳадаги янги технологияларни ўзлаштиришларига яқиндан кўмаклашади", деди у.
Малайзия томонига мамлакатимизда компаниянинг тегишли хизматларини ташкил этиш ҳамда тиббиёт ўқув юртлари қошида тиббий ускуна ва жиҳозларини таъмирлаш бўйича мутахассисларни тайёрлайдиган қўшма таълим дастурларини очиш муҳимлиги таъкидланди.
"QMS" бош ижрочи директори замонавий тиббиёт ускуналарини узоқ муддатли лизинг шартлари асосида Ўзбекистондаги давлат шифохоналар ва хусусий клиникаларга етказиб бериш, уларни мунтазам таъмирлаш ва дастурий таъминотини янгилаб бориш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёрлигини маълум қилди.
"Quantum Medical Solutions" компанияси 2009 йилда ташкил этилган. Асосий фаолияти тиббиёт ускуналарини етказиб бериш ва уларга техник хизмат кўрсатишдан иборат. Компания 2015 йилда Малайзия Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан мамлакат штатларида жойлашган шифохоналарга тиббиёт ускуналарини етказиб бериш ва уларни сақлаш бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳозиргача ушбу штатларнинг 3200 ортиқ клиникаларига 42 мингдан ортиқ тиббиёт ускуналарини етказиб берган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси