"Марказий Осиё – Марказий Америка" форматидаги экспертлар платформаси яратилади
Июль 22, 2025. 16:12 • 2 дақ
• 255
МАДРИД, 22 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов Марказий Америка парламенти (Parlacen) собиқ спикери, депутат Сильвия Гарсиа Поланко ва Марказий Америка Судининг БМТдаги махсус вакили Дэвид Бальса билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Марказий Америка давлатлари ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар икки ҳудуднинг қонун чиқарувчи органлари ўртасида ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи барқарор ва тизимли алоқаларни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидладилар.
Суҳбат чоғида "Марказий Осиё – Марказий Америка" форматида эксперт платформасини яратиш имкониятлари хусусида фикр алмашилди. Ушбу формат ўзаро ҳамкорликнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш, томонларни қизиқтирган соҳаларни аниқлаш ва институционал мулоқот учун мустаҳкам пойдевор яратиш имконини бериши таъкидланди.
Мазкур ташаббуснинг давоми сифатида Марказий Америка-Марказий Осиё мамлакатлари ижро ҳокимияти ва қонун чиқарувчи органлари вакиллари иштирокида ҳудудлараро форум ўтказиш механизмини ишга тушириш таклиф этилди.
Бундай мулоқотнинг йўлга қўйилиши кенг доирадаги долзарб мавзуларни, жумладан иқтисодий ҳамкорлик ва сармоявий шерикликдан тортиб, атроф-муҳит муаммолари, барқарор ривожланиш ва гуманитар алмашинувларгача қамраб олиши мумкин.
Ўзбекистон ва Марказий Америка мамлакатлари ўртасида мунтазам алоқаларни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган кўп томонлама платформа – "хаб-кўприк"ни яратиш масалалари муҳокамаси музокараларнинг муҳим йўналиши бўлди.
Қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Марказий Америка томони "яшил" энергия соҳасида, хусусан, гидро, қуёш ва геотермал энергиядан фойдаланишда тўпланган тажрибаси билан ўртоқлашди. Ушбу стратегик муҳим соҳада технологиялар алмашинуви ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга юқори қизиқиш билдирилди.
Учрашув якунда шерикликнинг истиқболли йўналишларини белгилаган ҳолда, минтақалараро ҳамкорлик механизмини ишга туширишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси