Рим шаҳрида Ўзбекистон-Италия келишувларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди

Ноябрь 24, 2023. 19:50 • 2 дақ

156
Рим шаҳрида Ўзбекистон-Италия келишувларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди

РИМ, 25 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италия Ташқи ишлар вазирлигининг Россия, Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё бошқармаси бошлиғи Лудовико Серра ҳамда Марказий Осиё бўйича махсус вакил, элчи Федерико Фаилла билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Суҳбат чоғида Италия томони Президент Сержо Маттарелланинг жорий йил 9-11 ноябрь кунлари Ўзбекистонга бўлиб ўтган расмий ташрифи натижаларини  юқори баҳолади ҳамда ташриф ғоят муҳим ва муваффақиятли ўтганини таъкидлади. 


 Италиялик дипломатларнинг қайд этишича, беш ой давомида амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар икки давлатнинг ҳар томонлама алоқаларни фаоллаштириш ва икки томонлама ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятини амалда рўёбга чиқаришга ўзаро интилишидан далолат беради.

Шунингдек ўқинг


Шу билан бирга, Италия томонининг икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган барча келишувларни ўз вақтида бажариш, шунингдек, ташрифлар чоғида имзоланган 17 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат қоидаларини амалга оширишга содиқлиги тасдиқланди.


Хусусан, томонлар Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги Стратегик мулоқотнинг биринчи йиғилишини, ташқи ишлар вазирларининг «Италия – Марказий Осиё» форматидаги учинчи учрашувини, Савдо-иқтисодий, саноат ҳамкорлик ва экспорт кредитлари бўйича Ўзбекистон-Италия ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг еттинчи мажлисини ўтказиш масалалари устида ишлашни бошлаш, шунингдек, икки давлат ўртасида самарали ривожланиб бораётган кўп қиррали ҳамкорликни яна мустаҳкамлаш ва кенгайтириш мақсадида бир қатор идоралараро тадбирларни ўтказишга келишиб олдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш