Германиянинг Фрайбург шаҳрида Ўзбекистон миллий таомлари ва маданияти фестивали бўлиб ўтди
Август 20, 2025. 11:40 • 3 дақ
• 130
ФРАЙБУРГ, 20 август. /"Дунё" АА/. Германиянинг Фрайбург шаҳрида "Ўзбек миллий таомлари ва маданияти" фестивали ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Фестиваль мамлакатимиз туризм салоҳиятини ва маданиятини Германия ҳудудларида кенг тарғиб этиш мақсадида мамлакатимиз элчихонаси томонидан фаол ватандошларимиз Евгений ва Юлия Шатц билан биргаликда ўтказилди.
Ватандошларимиз Евгений ва Юлия Шатц 20 мингдан ортиқ обуначига эга "Facebook" ижтимоий тармоғидаги "Usbekische Küche" гуруҳи асосчилари ҳисобланади. Улар доимий тарзда юртимиз туризми ва маданиятини Германияда фаол тарғиб қилиб келмоқда.
Тадбирда Германиянинг турли ҳудудлари ва Европанинг бошқа давлатлари, шунингдек, Америка Қўшма Штатларидан ватандошлар, иштирок этди.
Фестивалнинг очилиш маросимида сўзга чиққан дипломатик ваколатхона вакиллари, мазкур тадбирнинг ватандошлар ўртасида дўстлик ва миллатлараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини тарғиб этишдаги аҳамиятини қайд этдилар. Тадбир доирасида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида рўй бераётган янгиликлар юзасидан ахборот берилди.
Анжуманнинг асосий қисмида сомса ва тандир гўшт, палов, шўрва каби ўзбек миллий таомлари тайёрланди. Айниқса, элчихона ошпази томонидан ўзбек паловини тайёрлаш бўйича ўтказилган маҳорат дарси Германиядаги ўзбек ошхонаси ихлосмандлари учун ўзига хос тажриба бўлди.
Шунингдек, фестиваль меҳмонлари учун ўзбек амалий санъати намуналари атлас-адрас, сўзана, каштачилик, зардўзлик намуналарини ўзида акс эттирган миллий либослар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди. Унинг доирасида Анна Геберт тасвирий санъат мактаби асарларидан иборат Ўзбекистон халқи маданияти, санъати ва турмуш тарзига бағишланган суратлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Бундан ташқари, тадбир қатнашчилари учун "Эбру" услубида расм чизиш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди. Юртимизнинг бой тарихий меросига оид қадимий миллий ўйинлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Фестивалга келганлар ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлиши баробарида юртимиз маданияти билан яқиндан танишиш, ўзбек миллий рақслари ва қўшиқларидан баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлдилар.
Мамлакатимиз туризм салоҳиятини тарғиб этиш мақсадида махсус ахборот бурчаги ташкил этилди. Унда тарихий шаҳарларимиз ва замонавий сайёҳлик йўналишларига доир немис ва инглиз тилларида тайёрланган буклет ва брошюралар тақдим этилди.
Юлия Шатц, тадбир ташкилотчиси:
– Биз Германияда яшаймиз. Кўп йиллардан бери ўзбек миллий гастрономияси ва маданиятига бағишланган тадбирларни Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этяпмиз.
Биз бошлаган бундай лойиҳалар Европанинг бошқа шаҳарларида ҳам ташкил этилмоқда. Олис юртда Ватан муҳитини, ўзбекона меҳмондўстлик ва бағрикенгликни яна бир бор ҳис қилишлари учун шу фестивални уюштирганимиздан жуда мамнунмиз. Фестиваль иштирокчилар ҳам мамнунликларини изҳор этдилар.
Биз ҳар йили Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига саёҳат уюштирамиз. Ўтган йили Самарқанд, Шаҳрисабз, Қарши шаҳарларига бордик. Келгуси йилда ҳам хорижлик сайёҳларни янги туризм масканларига олиб боришни режалаштиряпмиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади