БМТда 21–22 октябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган жаҳон саммитига бағишланган тақдимот намойиш қилинди
Октябрь 15, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 83НЬЮ-ЙОРК, 15 октябрь. /“Дунё” АА/. Нью-Йоркда “Болалар фаровонлигига сармоя: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари” мавзусидаги жаҳон саммитига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бўлажак саммит 21–22 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши кутилмоқда.
Тадбир Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий ваколатхонаси ҳамда БМТ бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили офиси томонидан ташкил этилди. Унда дипломатик корпус ва БМТнинг тегишли тузилмаларидан 50 нафардан ортиқ вакил қатнашди.
Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, зўравонликнинг олдини олиш ва оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Бўлажак Самарқанд саммитининг мақсад ва вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди. У болалар фаровонлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини мустаҳкамлаш бўйича амалий ечимларни муҳокама қилиш учун халқаро майдонга айланиши кутилмоқда.
БМТ бош котибининг махсус вакили Нажат Маалла болалар фаровонлигига сармоя киритиш зўравонликнинг олдини олиш ва барқарор тараққиётни таъминлашда стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, болаларга нисбатан зўравонлик туфайли юзага келадиган иқтисодий йўқотишлар ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизигача етиши мумкин. Бу ҳолат профилактика чораларини кучайтириш ва болаларни ҳимоя қилиш тизимларини такомиллаштириш зарурлигини кўрсатади.
Самарқанддаги саммитда ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамжамияти, фуқаролик жамияти вакиллари ва болалар иштирок этади. Унда ижтимоий ҳимоя, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалий ечимлар ишлаб чиқиш режалаштирилган. Иштирокчи давлатларнинг биринчи хонимлари ҳомийлигида болалар онкологияси бўйича Иккинчи халқаро конгресс ҳам ўтказилади.
Тақдимот иштирокчилари Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлаб, болалар ҳуқуқлари ва фаровонлигини ҳимоя қилиш борасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қизиқиш билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

