Logo

Пекинда хитой тилига таржима қилинган "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг тақдимоти бўлиб ўтди

Май 30, 2025. 09:41 • 4 дақ

100
Пекинда хитой тилига таржима қилинган "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг тақдимоти бўлиб ўтди

ПЕКИН, 30 май. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институтида "Ўзбекистон-2030" стратегиясининг хитой тилидаги рисоласининг тақдимоти бўлиб ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Элчихона томонидан "Тараққиёт стратегияси" маркази кўмагида рисола шаклида нашр этилган "Ўзбекистон-2030" стратегияси Марказий миллатлар университетининг ўзбек тили ўқитувчиси Дилсора Мирзааҳмедова томонидан хитой тилига таржима қилинган.

Тадбирда Хитойнинг етакчи илмий, академик, эксперт-таҳлил марказлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тақдимот иштирокчилари "Ўзбекистон-2030" стратегиясининг асосий мазмун-моҳияти ва аҳамияти, унда белгиланган мақсад ва вазифалар билан таништирилди.

Маъруза давомида "Ўзбекистон – 2030" стратегияси мамлакатимизни келгуси 7 йилга мўлжалланган ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат эканлиги, ундаги 5 та устувор йўналиш доирасида 100 та мақсад амалга оширилиши таъкидланди.

Стратегия тўпланган тажриба ва Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида олинган жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган.

Бугун Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан дўстона муносабатларини янада ривожлантиришга ҳам асос бўлаётгани урғуланди.

Шу муносабат билан сўнгги йилларда жадал ривожланаётган, янги даврда ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига эга бўлган Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги фаол ривожланиб бораётган ҳамкорликнинг самарали натижалари қайд этилди. Иштирокчиларга июнь ойида Самарқанд шаҳрида иккинчи Ўзбекистон-Хитой минтақалараро форуми ўтказилиши, бу ишбилармонлик алоқаларига янги суръат бағишлаши ҳақида маълумот берилди. 

Тайхэ институти бош котиби ўринбосари Ван Юйгуэ ўз чиқишида Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этишини инобатга олиб, ёшлар таълим ва тарбияси муҳимлигини таъкидлади. Унинг айтишича, Стратегияда бу борада аниқ вазифалар белгилаган. Бу борада касбий таълим ва талабалар алмашинуви соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, қўшма илмий марказлар ва технопарклар ташкил этиш ёшларнинг инновацион салоҳиятини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Хитой Халқаро муносабатлар академияси тадқиқотчиси Чжао Чжэнь "Ўзбекистон – 2030" стратегияси пухта ишлаб чиқилган режа бўлиб, мамлакат тараққиётининг ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатларини ҳисобга олганини таъкидлади. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилиш истаги, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимларини модернизация қилиш хитойлик инвесторлар учун жозибадор имкониятлар яратмоқда.

Хитой Давлат кенгашининг Тараққиёт маркази Евроосиё ижтимоий тадқиқотлар институти директори ўринбосари Сюй Тао "Ўзбекистон – 2030" стратегияси мамлакатимизнинг барқарор ва инклюзив ривожланишини таъминлаш, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг узоқ муддатли йўналишларини белгилаб беришини қайд этди. Унда турли соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириш, иқтисодий ўсиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимларини такомиллаштириш, экологик барқарорликни таъминлаш, давлат бошқарувини модернизация қилиш каби мақсадларга эришиш кўзда тутилган.

Сунь Чжуанчжи, Хитой Ижтимоий фанлар академияси Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори:

– Бугун Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси билан ҳамкорликда "Ўзбекистон-2030" стратегиясига бағишланган давра суҳбати ўтказдик.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ушбу стратегия Ўзбекистон тараққиёти учун катта аҳамиятга эга. Стратегиянинг иқтисодий соҳадан тортиб давлат бошқарувигача бўлган мақсадлари мамлакатнинг келажакдаги ривожланишига катта ҳисса қўшади, шунингдек, Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлиги учун янги имкониятлар яратади.

"Ўзбекистон-2030" стратегиясини "Бир макон, бир йўл" ташаббуси ва Хитойнинг янги ривожланиш режалари, хусусан, "Янги Хитой" концепцияси билан самарали интеграциялаш мумкин.

Бугунги тақдимот туфайли Ўзбекистонда мазкур стратегия доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик.

Лю Чан, Хитой Ижтимоий фанлар академияси Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти Марказий Осиё ва Кавказ бўлими кичик илмий ходими:

– Бугун "Ўзбекистон-2030" стратегияси тақдимотида иштирок этиш имконига эга бўлганимдан жуда мамнунман.

Қайд этиш жоизки, стратегияда кўзда тутилган бешта ривожланиш мақсади БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, глобал ривожланиш концепсияларининг миллий шароитларга татбиқ этилишини намойиш этади. Ушбу стратегия, шунингдек, халқаро тенденцияларга мос келади ва миллий воқеликка асосланади.

"Ўзбекистон-2030" стратегиясида давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг қатъийлигига алоҳида эътибор қаратилган. Бу Ўзбекистоннинг институционал инновациялар ва бошқарув тизимини такомиллаштириш орқали модернизация қилиш қатъиятини намойиш этади.

Хусусан, ушбу ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияси амалиётида аниқ натижаларга эришилгани жуда муҳим. 2030 йилгача бўлган стратегиясида Ўзбекистонни мураккаб халқаро шароитда ривожлантириш йўналишлари белгилаб берилган. Ишончим комилки, ушбу стратегия нафақат Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшади, балки Хитой-Ўзбекистон стратегик ҳамкорлигига янги истиқболларни очади. Мен тадқиқотчи сифатида "Ўзбекистон-2030" стратегиясининг амалга оширилишини диққат билан кузатиб боряпман.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш