ЮНЕСКОда Ўзбекистоннинг маданий меросни асраб-авайлаш ташаббуси тақдим этилди

Октябрь 02, 2026. 12:30 • 2 дақ

• 15
ЮНЕСКОда Ўзбекистоннинг маданий меросни асраб-авайлаш ташаббуси тақдим этилди

ПАРИЖ, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. ЮНЕСКО бош қароргоҳида Ўзбекистоннинг глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни сақлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш ташаббусига бағишланган ахборот сессияси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон ташаббуси билан киритилган ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 225-сессияси қарори лойиҳаси муносабати билан Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси томонидан ташкилотга аъзо давлатлар учун ташкил этилди.

Учрашувда ЮНЕСКОга аъзо давлатлар ва ташкилот Котибияти вакиллари иштирок этди.

Қарор лойиҳаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилишида илгари сурилган ташаббусларнинг давоми бўлди. Давлатимиз раҳбари Ижроия кенгашининг тегишли қарорини ишлаб чиқиш ва Хивада маданий меросни асраш бўйича халқаро симпозиум ўтказишни таклиф қилган эди.

Сессия давомида иштирокчиларга қарор лойиҳасининг асосий мақсад ва мазмуни, унинг ЮНЕСКОнинг амалдаги конвенциялари, дастурлари ва илгари қабул қилинган қарорлари билан боғлиқлиги тақдим этилди.

Ташаббуснинг амалий йўналтирилгани ҳамда маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ва тармоқлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Асосий амалий тадбирлардан бири 2027 йилда Хивада ўтказилиши режалаштирилган глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича халқаро симпозиум бўлади.

Симпозиум ЮНЕСКОнинг турли минтақаларидан мутахассислар иштирокида миллий ва минтақавий тажриба, билим ва амалий ечимлар алмашиш майдонига айланиши кутилмоқда.

Ахборот сессияси ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 225-сессиясида қарор лойиҳасини кўриб чиқиш арафасида аъзо давлатлар билан маслаҳатлашувларни давом эттириш имконини берди.

Ташаббуснинг илгари сурилиши Ўзбекистоннинг маданий меросни асраб-авайлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ЮНЕСКО доирасида бу ишга амалий ҳисса қўшиш истагини акс эттиради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш