Logo

Варшава шаҳрида Ўзбекистондан қонуний меҳнат миграциясини ташкил этишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

Январ 26, 2024. 11:45 • 2 дақ

447
Варшава шаҳрида Ўзбекистондан қонуний меҳнат миграциясини ташкил этишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

ВАРШАВА, 26 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонасида Европанинг йирик компаниялари раҳбарлари, шунингдек, Польшанинг сиёсий доиралари вакиллари иштирокида қонуний меҳнат миграцияси мавзусига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Польшалик ишбилармонлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида, қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш, бу борадаги муаммолар, шунингдек, уларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди.


Дипломатик миссия раҳбари Aмирсаид Aъзамхўжаев ўз чиқишида Польша сиёсий ва ишбилармон доира вакилларига Ўзбекистон томонининг ушбу мамлакат билан қонуний меҳнат миграциясини ташкил этишдан манфаатдорлигини таъкидлади. Дипломат, шунингдек, Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида юртимизда хавфсиз меҳнат миграциясини таъминлаш, мигрантларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борадаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарали натижалари ҳақида батафсил маълумот берди.


Бўлиб ўтган тадбир Польша томонида ҳам катта қизиқиш уйғотди.


Хусусан, Польша-Осиё Савдо-саноат палатаси президенти Януш Пихочинский ўз маърузасида Ўзбекистондан ишчи кунини жалб этишдан манфаатдор эканини билдирди.


«Тадбирда хориждан ишчиларни жалб қилишдан манфаатдор кўплаб компаниялар иштирок этмоқда. Польшада Ўзбекистон фуқаролари билан ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Сўнгги йилларда 20 мингдан ортиқ киши мамлакатимизга ишлаш учун келган. Биз ишчи кучи оқимини бир неча баробар оширмоқчимиз. Муҳокамалар чоғида ҳукуматларимиз, вазирликларимиз ўртасида келишув имзолаш, энг аввало, Ўзбекистон фуқароларининг Польшага келишини тезкорлик билан ташкил этиш бўйича оддий чора-тадбирлар режасини тайёрлаш керак деган якуний хулосага келдик», - деди Януш Пихочинский.


«Эсфаут» бандлик агентлиги раҳбари Станислав Левинский, ўз навбатида, элчихона томонидан ташкил этилган тадбир Польшага малакали мутахассис кадрлар қанчалик зарурлигини кўрсатганини билдирди.


«Биз Ўзбекистондан ишчиларни жалб қилишдан манфаатдормиз. Шунингдек, Ўзбекистондан қонуний меҳнат муҳожирлари оқимини кўпайтиришга ёрдам беришга ҳам тайёрмиз», - деди агентлик раҳбари.


«SAS Logistic» компанияси вакили Анастасия Сердюк ўз маърузасида Ўзбекистон томони билан ишлашдан хурсанд бўлишини айтиб ўтди:


- Компаниямиз Польшада 10 йилдан бери ушбу жабҳада фаолият олиб боради. Биз Ўзбекистоннинг ваколатли ташкилотлари билан меҳнат миграцияси соҳасида биргаликда биргаликда ишлашдан мамнунмиз.   Мигрантларни аниқ иш билан таъминлаш ва мослашишларида ёрдам берамиз. Шунингдек, уларнинг асосий эҳтиёжларни қондириш учун тўлиқ ижтимоий хизматларни ва тил ўрганишларига кўмаклашамиз.


Муҳокамалар натижасида ушбу жабҳадаги ҳамкорликдаги ишларни давом эттириш ва мунтазам ишчи учрашувлар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш