Logo

Ўзбекистон делегацияси Польшада ЮНЕСКО Бош конференциясининг бўлажак 43-сессиясига бағишланган тадбирда иштирок этди

Январ 16, 2025. 14:48 • 2 дақ

170
Ўзбекистон делегацияси Польшада ЮНЕСКО Бош конференциясининг бўлажак 43-сессиясига бағишланган тадбирда иштирок этди

ВАРШАВА, 16 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Элчихонаси кўмагида Самарқанднинг туризм салоҳияти, тарихий ва маданий меросини жаҳонга яқиндан танитиш мақсадида 13-16 январь кунлари Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Тошкент фармацевтика ва кимё-технология институтлари вакиллари, маданият вазирлиги ҳамда миллий санъат усталаридан иборат ўзбек делегациясининг Польшага ташрифи ташкил этилди, деб хабар қилмоқда Дунё АА мухбири.

Ташриф доирасида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига бағишланган тадбирда Польша ташқи ишлар вазирлиги, Европа комиссияси, маданият вазирлиги ҳамда бошқа нуфузли ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Тадбир давомида Янги Ўзбекистоннинг маданий бойликлари, ислоҳотлари ва ютуқлари тақдим этилиб, Самарқанд шаҳрининг жаҳонга машҳур туристик ва маданий имкониятлари ёритилди. Ўзбек миллий мусиқаси ва таомлари меҳмонларда алоҳида таассурот қолдирди.

Анжуман иштирокчилари "Дунё" АА учун ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Варшава университети, Шарқий Европа тадқиқотлари маркази (SEW) доценти Шаҳла Казимова:

— Ўзбекистонни жаҳон миқёсида танитиш жуда муҳим вазифадир. Илгари чет элда мамлакатингиз санъати тарихига оид маълумотларни фақат тор доирадаги мутахассислар билишарди. Улар, одатда, фақат Самарқанд ва Бухоро ҳақида билишарди – буни билмаслик мумкин эмас. Ҳозирги кунда мамлакат дунёга очилиб, ўзини кенг оммага намойиш этаётгани таҳсинга лойиқдир.

Варшавадаги Осиё ва Тинч Океани музейи ходими Каролина Кшивицка:

- Бизнинг музейимизда Ўзбекистонга тегишли жуда катта коллекция мавжуд бўлиб, унда Риштон, Бухоро, Самарқанд ва Хивадан келтирилган анъанавий керамика буюмларининг бой коллекцияси бор. Ушбу коллекция 250 га яқин экспонатни ўз ичига олади. Шунингдек, музейимизда анъанавий матолар, миллий либослар ва 1960-йилларда Самарқанд ва Ўзбекистонга сафар қилган поляк рассомларининг асарлари ҳам сақланади.

Бизнинг Осиё ва Тинч океани музейи Польшада Ўзбекистонга тегишли шунчалик бой коллекцияга эга бўлган ягона музейдир. Мазкур коллекция Ўзбекистонда амалга оширилган муҳим лойиҳалардан бири - "Жаҳон коллекцияларидаги Ўзбекистоннинг маданий мероси" лойиҳаси доирасида намойиш этилди. Лойиҳа Фирдавс Абдуҳаликов томонидан ташкил қилинган бўлиб, биз у билан ҳамкорлик қилдик ва ушбу коллекция лойиҳа доирасидаги китоблардан бирида тақдим этилди.

Музейимиз Варшавадаги Ўзбекистон Элчихонаси билан самарали ҳамкорлик қилмоқда ва келажакда биргаликда маданий тадбирларни ташкил этишни режалаштиряпмиз. Шунингдек, мен Самарқандда бу йил ўтказиладиган ЮНЕСКОнинг халқаро конференциясида иштирок этиш имкониятига эга бўлишимизга умид қиламан.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш